Сайёр қабуллар самараси
  • 25 Май 2017

Сайёр қабуллар самараси

фуқароларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашида кўринади

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳасида инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш ишларини янада кенг қамров ва жадал суръатда олиб боришда дастуриламал бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг -мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Бухоро вилояти шаҳар ҳамда туманларида ўтказилган сайёр қабуллар бунинг ёрқин тасдиғидир.

Бир қатор вазирликлар, суд-ҳуқуқ, ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллий ҳокимликларнинг масъул вакиллари иштирок этган тадбирларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиш, фуқароларнинг шикоятларини атрофлича ўрганиш, уларни ўйлантираётган масалалар ечимини топиш, ҳар бир мурожаатнинг илдизига етиб бориш вазифалари асосий мақсад қилиб қўйилди.

Бухоро шаҳрида ташкил этилган сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Когон тумани ҳамда шаҳри, вилоят маркази ва Қоровулбозор туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди. Шикоят ҳамда аризалар ёзилишига туртки берган сабаблар таҳлил этилди. Аҳамиятлиси, бу жараёнда шаҳар ёки туман даражасида аллақачон ҳал қилиш лозим бўлган муаммоларга ҳам дуч келинди. 

— Биз яшайдиган кўп қаватли уйлар атрофи анча вақтдан буён қаровсиз аҳволда, — дейди Бухоро шаҳридан Гуландом Козимова. — Йўллар носоз. Болалар майдончаси йўқ. Тегишли идораларга мурожаатларимиз натижа бермаётган эди. Сайёр қабулдан сўнг кўнглимиз хотиржам тортди. Ҳудудимизда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Қоракўл, Олот ва Жондор туманлари аҳолиси мурожаатлари кўриб чиқилган сайёр қабулда иштирок этган Ҳамроқул ота Жуманиёзов эса бу ерга ўз миннатдорлигини билдиргани келганини айтди.

— Қоракўл туманидаги Қандим қишлоғиданман, — дейди отахон. — Бу ёғини сўрасангиз, қишлоқ оқсоқолиман. Ушбу тадбир дарагини эшитиб, давлатимизга ўз -раҳматимни билдиргани келдим. Гап шундаки, қишлоғимиз туман марказидан анча олисда. Ўтган йили ҳукуматимиз мурожаатларимизни инобатга олиб, Қандимда замонавий мактаб биносини қуриб берди. Мактабдаги шарт-шароитларни кўриб, ёшларимизга беҳад ҳавасим келади...

Қоракўл туманидаги Дўстлик маҳалласида яшовчи Шоҳиста Нурматованинг ногирон фарзанди бор. Оила ногиронлик аравачасига эҳтиёж сезаётган эди. Бу масала сайёр қабулнинг ўзида ижобий ечимини топди.

Шофиркон туманида ўтган тадбирда қўшни ўиждувон ва Вобкент туманлари аҳолисидан тушган ариза ҳамда шикоятлар мазмунан бирма-бир кўриб чиқилди. Юқорида таъкидланганидек, мазкур мурожаатлар орасида туман миқёсида ўз вақтида ҳал этилиши керак бўлган, аммо одамларни узоқ вақт сарсону овора қилган муаммолар оз эмаслиги таассуфлидир. Масалан, Шофиркон туманидаги Дермен Шибирғон қишлоғида яшовчи -Муқим Шамсиевга табиий газдан 2013 йилда фойдаланганлик учун тегишли корхона томонидан аслида мавжуд бўлмаган қарз юкланган.

— “Қарздорсиз”, деган сўздан ҳаловатим йўқолди, бу айблов нотўғри эканини масъул шахсларга айтавериб чарчадим, — дейди М. Шамсиев. — Сайёр қабул чоғида табиий газдан ҳеч қандай қарзим йўқлиги ўз исботини топди. Ташвишим анча енгиллашди.

Вобкент туманидаги Хайробод қишлоғида яшовчи Гулшода Бобоевага ўз саломатлигини тиклаши учун соҳа мутасаддилари зарур ёрдам кўрсатадиган бўлди.

Умуман, вилоятда ўтган сайёр қабуллар давомида 500 га яқин мурожаатлар кўриб чиқилди. Уларнинг салмоқли қисми белгиланган тартибда ҳал этилди. Қолганларининг ижроси қатъий назоратга олинди. 

Тадбирларда мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, уларга қонунан ёндашиш, пировардида ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилиш, бу масалада ҳар бир раҳбар ва мансабдор шахс чуқур масъулият ҳис этиши зарурлиги алоҳида айтиб ўтилди.

* * *

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 16 май кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 34 минг 201 таси ёки 4,3 фоизи Бухоро вилояти аҳолиси ҳиссасига тўғри келади. Бу мурожаатларнинг асосий қисми моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, меҳнат ва бандлик, уй-жойли бўлиш ҳамда ер ажратиш масалаларига дахлдордир. 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn