Мурувват тадбирлари давом этмоқда
  • 24 Май 2017

Мурувват тадбирлари давом этмоқда

“Халқ билан мулоқот  ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасидаги тадбирларнинг изчил ижроси халқимиз ҳаётига ўзгача мазмун, кўнгилларга ободлик олиб кираётир. Жумладан, “Президент эътибори — мурувват тадбирларида” шиори остида жойларда эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг никоҳ ҳамда суннат тўйлари тантанали равишда ўтказилаётгани миллий қадриятларимиз асоси — меҳр-мурувватлилик, -саховатпешалик сингари эзгу амалларнинг ёрқин ифодаси сифатида яққол намоён бўлмоқда.

Оқолтин туманининг Навоий номидаги маҳалласида яшовчи Азизбек ва Аширхон Раҳмоновлар ҳам оила аъзолари ҳамда яқинлари ҳамроҳлигида Боёвут туманидаги “Марварид” тўйхонасига ана шундай хурсандчилик билан кириб келди. Боиси, тўйлари бўлаётган ёшлар орасида уларнинг куёвлик либосидаги фарзанди Заҳриддин ҳам бор эди.

— Давлатимиз ва халқимизнинг саховатпешалигидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, — дейди Аширхон Раҳмонова. — Элимизнинг бебаҳо қадриятини улуғлаётган, ана шундай эзгу ишни ташкил қилганларнинг барчасига раҳмат. Қиз узатиб, келин олиш ҳар бир ота-она учун катта бахт ҳисобланади. Мана, бугун биз  шундай шукуҳли онларга етиб турибмиз. Қолаверса, ёш оилаларга алоҳида тураржой ажратилди. Ишончим комилки, фарзандларимиз ушбу юксак эътиборга яраша келгусида намунали оила соҳиблари сифатида халқимиз ва юртимизга наф келтирадилар. 

Етти келин-куёвга никоҳдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам тантанали равишда топширилди.

Шунингдек, ҳозирги кунга қадар вилоят бўйича 50 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказилди.

Чуст шаҳридаги “Паризод” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган 12 келин-куёвнинг никоҳ тўйидаги кўтаринки кайфият меҳмонлар ёдида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди. Тўрақўрғон, Поп ва Чуст туманларида истиқомат қилаётган бу ёшлар қувончига шерик бўлиб келган иштирокчилар  юртимизда инсон манфаатлари йўлидаги ишлар кўлами кун сайин кенгайиб бораётганини мамнуният билан тилга олдилар.

Эътиборли жиҳати, никоҳ тантаналарига ташкилотчилик қилган вилоят  касаба уюшмалари, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари тўйга пухта ҳозирлик кўрди. 

— Кенжа ўғлим Шаҳзоднинг никоҳ тўйи давлатимиз раҳбари  ташаббуси билан ўтказилаётган тантанали маросимлар қаторига қўшилганидан мамнунмиз, — дейди Чуст туманининг Каркидон қишлоғида яшовчи Зуҳра Бегматова. — Тўйхонага жамланган келин-куёвлар қатори ўғлим ҳамда келинимга ҳам никоҳ узуги ва замонавий мебеллар тўплами учун сертификат топширилган паллада кўзларим севинч ёшларига тўлди. Шу куни ўғлимга бўлажак иш жойи муҳрланган меҳнат дафтарчаси тақдим этилгани эса қўшалоқ қувончга айланди. 

Наманган шаҳридаги “Шодиёна” маросимлар уйида нишонланган никоҳ тантаналарида 15 келин-куёвнинг оиласига пойдевор қўйилди. 

— Бахт тўйимиз умрбод ёдимизда қолади, — дейди норинлик Бунёд Қўчқоров. — Унга бош бўлган инсонлардан миннатдормиз. Бундай мурувват ва бағрикенгликка юртимиз равнақи йўлида муносиб меҳнат қилиш орқали жавоб қайтарамиз.

Ҳозирги кунга қадар Наманган вилояти бўйича 43 келин-куёвнинг никоҳ тўйлари ўтказилди. Айни чоғда жойларда бўлиб ўтаётган суннат тўйларида болажонларга бежирим либослар, велосипед ҳамда бир миллион сўмдан пул маблағи қўйилган омонат -дафтарчалари тақдим этилаётир.

Эзгуликларга йўғрилган бундай тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудида давом этмоқда. 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn