Президент соврини — илғорларнинг илғорларига
  • 23 Май 2017

Президент соврини — илғорларнинг илғорларига

Кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик аҳоли бандлигини таъминлаш,  даромадини ошириш орқали турмуш даражасини яхшилаш гаровидир. Шу боис республикамизда бу соҳани ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Президент соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус” кўрик-танлови нафақат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақига, балки соҳа вакиллари эришаётган ютуқларни тарғиб қилиш, ёшларда мулкдорлик ҳиссини кучайтириш, ишбилармонлар салоҳиятини юзага чиқаришга ҳам хизмат қилаётир.

Жорий йилнинг 16 май куни пойтахтимизда ушбу кўрик-танловнинг якуний босқичи бошланган эди. Унинг доирасида ташкил этилган кўргазмада  фидойи  фермерларимиз меҳнати эвазига етиштирилган нозу неъматлар, кичик корхоналарда тайёрланган турли-туман маҳсулотлар, ҳунармандлар қўлида сайқал топган буюмлар намойиш қилиндики, барчаси ҳар бир меҳмонда катта қизиқиш уйғотди. Чунки улар сифатли ва замонавий бўлиб, ички ҳамда ташқи бозор талабларига  мосдир. 

Айтиш жоизки, бу галги кўрик-танловнинг туман босқичларида 7053, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри босқичида эса 576 нафар ишбилармон қатнашган бўлса, улар орасидан 41 нафари республика босқичига етиб келди.  Яна бир эътиборли жиҳати, дастлабки йилларда тадбирда фақат саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар  иштирок этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сафи  фармацевтика, тўқимачилик сингари иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида меҳнат қилаётган ишбилармонлар ҳисобига кенгайди. Худди шунингдек, қишлоқ мулкдорлари дала ва боғ неъматлари етиштириш баробарида, уларни сақлаш ҳамда тўлиқ қайта ишлаш салоҳиятини намойиш этишди. Ҳунармандларимиз таклиф этган зардўзлик, кулоллик ва ёғочсозлик буюмлари эса халқимиз амалий санъатининг янги қирралари сифатида барчада илиқ таассурот қолдирди.  

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида уюштирилган тадбирнинг республика босқичида ғолиблар “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари бўйича аниқланди. Бунда ҳайъат аъзолари уларнинг ички бозорни зарур маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш  борасида кўраётган чора-тадбирларини мезон қилиб олишди. 

22 май, соат 18.00. Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройи ҳар қачонгидан гавжум. Ниҳоят кўрик-танловнинг бу йилги ғолиблари номини эълон қилиш ва Президент соврини — “Spark” енгил автомобилларини ўз эгаларига топширишнинг вақти етиб келди. 

Дастлаб, “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик”,“Менинг юртим — менинг ифтихорим”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти”, “Энг яхши экспортчи”, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қўшимча “Ўзининг савдо белгиларини йўналтириш ва янги бозорларни эгаллаганлик учун” ҳамда “Республика ички бозорларида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқарганлик учун” номинациялари бўйича ғолиблар муносиб тақдирландилар. 

Шундан сўнг ҳаяжонли дақиқалар бошланди.  “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши фермер” ҳамда “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари ғолиблари бирин-кетин саҳнага таклиф этилди. Уларни йиғилганлар гулдурос қарсаклар билан олқишлаб туришди. Ниҳоят учта йўналишда биринчи ўринни қўлга киритган ишбилармонларга олтин медаль, махсус диплом, “Ташаббус — 2017” кўрик-танлови статуэткаси ҳамда  “Spark” автомобили калитлари тақдим қилинди. 

— Минглаб иштирокчилар орасида шундай юксак мукофотни қўлга киритиш — катта бахт, — дейди “Ташаббус — 2017” республика кўрик-танловининг “Энг яхши тадбиркор” номинацияси бўйича биринчи ўрин соҳиби, Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги “Torimed Farm” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аҳаджон Шукуров. — Бу, албатта, зиммамизга катта масъулият юклайди. 

Корхонамиз дори-дармон маҳсулотлари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган  бўлиб, айни пайтда 140 нафарга яқин ишчи-ходимлар меҳнат қилаяпти. Ўтган йили импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш билан бирга, ярим миллион АҚШ долларидан кўпроқ экспорт амалиётларини бажардик.  Келгусида эса янги-янги истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариб, юртимиз равнақига янада кўпроқ ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз. 

Маълумки, бугунги кунда фермерларимиз чин маънода қишлоқ мулкдорига айланмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрлаш ҳажми ортиши билан бирга, олис ҳудудларга ҳам саноат кириб бормоқда.

Андижон вилоятининг, Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов ана шундай ташаббускорлардан бўлиб, у “Энг яхши фермер” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, -Бухоро шаҳрилик Аҳмад Арабов  “Энг яхши ҳунарманд” сифатида юқори ўринга муносиб кўрилди. 

Тадбирда иштирокчилар учун концерт дастури намойиш этилди. 

“Ташаббус — 2017” кўрик-танловининг республика босқичида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ў. Ибрагимов сўзга чиқди. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn