Муборак кунлар шукронаси
  • 23 Май 2017

Муборак кунлар шукронаси

Бугун дунёнинг турли нуқталарида рўй бераётган нохушликлар, низо ва можаролар ҳақида эшитиб, қаттиқ хавотирланасан, киши. Зеро, ўзаро келишмовчилик ҳамда уруш бор жойда асло тараққиёт бўлмайди, аксинча, бундай юртдан барака қочади. Одамлар бир бурда нонга зор бўлиб, тинчлик, деб аталмиш бебаҳо неъмат ушалмас орзуга айланади.

Яратганга беҳисоб шукроналар бўлсинки, биз хотиржамлик ҳукмрон, ҳар бир инсон қадри азиз ва сарбаланд мамлакатда яшаймиз. Буни ҳар биримиз чуқур ҳис этиб, қадрлашимиз, ҳар лаҳза, ҳар доим уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз лозим. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 майда қабул қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда тинчлик-тотувликнинг, ҳамжиҳатликнинг, меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби улуғвор муносабатлар юксак эъзозланаётганлигининг яна бир тасдиғидир.

Муборак айём давомида ташкил этиладиган турли маросимларда кўтаринки шоду хуррамлик, дастурхонларимизнинг янада баракотли бўлиши ҳар биримизнинг эзгу ниятларимиз ва саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ эканлиги ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятида яққол акс этиб турибди. Зеро, мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни беқиёс. Хусусан, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни шууримиз, қалбимизга сингдириб, сайқал беришимизда унинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.  

Ҳур диёримиз мўмин-мусулмонлари мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликларидан Аллоҳ таолога чексиз миннатдорлик изҳор қилиб, доимий равишда ҳамду санолар айтаяптилар. Ватанимиз мустақиллиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб, Ўзбекистонимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, фаровонлиги равнақ топмоқда. Айниқса, ислом маданиятига мансуб бўлган минг йиллик тарихга эга, ўтмиш қаъридан оламга нур таратиб келган муқаддас обидалар — масжид ва мадрасалар бугун ихтиёримизда. Аждодларимиздан қолган тарихий меросимиз қайта тикланди, Ислом дини таълимотларидан кенг баҳраманд бўлишимиз учун янада қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари шу маънода улкан аҳамиятга эга. 

Давлатимиз раҳбарининг қарорида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда, Рамазон ойини жойларда, миллий анъана ҳамда қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириши белгилангани айни муддаодир. Бинобарин, мазкур тадбирларни ўтказишда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ҳамда осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, тотув ва баҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган савобли амаллар ҳамда тарғибот ишлари уюштирилиши аҳоли, айниқса, ёшларимиз учун муҳим саналади. 

Биз меҳр-оқибатли халқмиз. Шундай экан, ҳужжатда ҳам алоҳида урғу берилганидек, ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ҳамда ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирлар фақатгина яхшиликка хизмат қилади. 

Юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга янгича чирой очмоқда. Биргина пойтахтимизда қад ростлаётган замонавий иншоотларни олинг. Улар Ватанимиз гўзаллигига янада кўпроқ файз бахш этаётгани кундек равшан. Шунинг баробарида, азиз-авлиёларимиз хотирасини абадийлаштиришга қаратилаётган юксак эътибор барчамизга ғурур бағишлаётир. 

Шундай экан, ушбу улуғ кунларда дуо қиламизки, Аллоҳ таоло юртимиз фаровонлиги, элимиз тинчлигини янада зиёда қилсин. Истиқлолимизнинг нурафшон ёғдуси қалбларимизни мунаввар айлайверсин.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn