Самарқанд шаҳри дунёга машҳур архитекторни ҳайратга солди
  • 20 Май 2017

Самарқанд шаҳри дунёга машҳур архитекторни ҳайратга солди

Юртимизга ташриф буюрган даниялик машҳур архитектор, “Gehl Arсhiteсts” компанияси асосчиси, Дания Қироллиги нафис санъат академиясининг меъморчилик бўйича фахрий магистри Ян Гейл Самарқанд шаҳрида меҳмон бўлди.

У қадим кентнинг бетакрор обидалари, ноёб осориатиқаларини ҳайрату ҳавас билан томоша қилди. Меҳмонда, айниқса, Амир Темур мақбараси катта таассурот қолдирди. Регистон майдонини айланган Ян Гейл буюк аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятига тан берди. Ўз навбатида, мамлакатимизда қадимий обидаларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Кўҳна ва навқирон шаҳардаги Ислом Каримов номи берилган кўча Регистон майдони ҳамда Сиёб деҳқон бозорини туташтиради. Ушбу манзил бўйлаб яратилган ўзига хос ландшафт дизайни ҳар қандай кишининг баҳридилини очади. Шунингдек, миллий ҳунармандлик устахоналари ва савдо дўконларининг миллий ҳамда замонавийликни уйғунлаштирган манзараси кўзни қувонтиради. Бу кўркам кўриниш даниялик халқаро таниқли мутахассисни ҳам бефарқ қолдирмади. 

Бинобарин, шу куни меҳмон Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига ҳам ташриф буюрди. Таълим муассасасида замонавий шаҳарсозлик меъморчилигига бағишланган семинар ўтказилди. Унда мазкур олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, талабалар, бир гуруҳ меъмор ва лойиҳачилар иштирок этди. Семинарда шаҳарсозлик архитектураси борасидаги илғор тажрибалар ҳақида сўз юритилиб, яшил майдонларни кўпайтириш, экологияга таъсири кам транспорт воситалари, хусусан, велосипедлардан кўпроқ фойдаланиш, бунинг учун махсус йўлаклар ташкил қилиш зарурати хусусида фикр алмашилди. 

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти мутасаддилари олий таълим -муассасасига ўз китобларини туҳфа этган Ян Гейлга миннатдорлик билдирди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn