Журналистнинг касб этикаси ва масъулияти
  • 03 Май 2014

Журналистнинг касб этикаси ва масъулияти

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда журналистнинг касб этикаси ва масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда босма ва электрон ОАВ муҳаррирлари, халқаро ва жамоат ташкилотлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва янада либераллаштириш, сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар изчил олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини  ривожлантириш концепциясида оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантириш зарурлиги белгилаб қўйилгани ОАВнинг таъсирчанлигини оширишга хизмат қилмоқда. Албатта, бунинг учун демократик талаб ва стандартларга тўла мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Бу, ўз навбатида, соҳа тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Давра суҳбатида бугунги кунда ОАВда фаолият юритаётган журналистларнинг нафақат қонунчилик, шу билан бирга, касб этикаси, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш масалаларининг долзарблигига эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, журналистнинг ўз бурчини ҳалол, адолатли ва виждонан бажариши унинг профессионаллик даражасини намоён этади. 

Тадбир давомида иштирокчилар миллий ва хорижий экспертларнинг босма ОАВ ишидаги одоб-ахлоқ меъёрларининг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги маълумотлар билан батафсил танишдилар. Айниқса, соҳа мутасаддиларининг электрон ОАВда касб этикасини қўллаш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга оид маърузалари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. 

Қизғин муҳокама жараёнида журналистнинг аниқ далил ва рақамларга асосланган ахборотни кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказишдаги масъулияти катта эканлиги, шу билан бирга, у ижтимоий бурчини бажарувчи шахс сифатида фуқаролик жамияти барпо этишда фаол қатнашиши муҳим аҳамиятга эгалиги айтиб ўтилди. Зеро, ОАВ вакилларининг ҳаққоний, холис сўзи орқали ёшлар дунёқарашини миллий ғоя ва қадриятлар асосида шакллантириш ҳамда йигит-қизларни четдан кириб келаётган ёт ғоялар таъсиридан, турли ахборот хуружларидан асраш айни муддаодир.

ОАВ соҳасидаги экспертлар, амалиётчи журналистлар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, соҳага қўшимча иқтисодий преференцияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, айниқса, жабҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш долзарблигини таъкидладилар. 

Тадбир доирасида Ўзбекистон журналистларининг одоб-ахлоқ меъёрлари профессионал кодекси лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Иштирокчилар мазкур лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини айтишди. 

Зиёда АШУРОВА.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn