«Замонавий жаҳон архитектураси»
  • 18 Май 2017

«Замонавий жаҳон архитектураси»

Кеча пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан замонавий шаҳарсозлик ва жамоат жойлари дизайни бўйича дунёга машҳур эксперт — халқаро архитектор Ян Гейл иштирокида ташкил этилган семинар-тренинг ана шу мавзуга бағишланди.

Ян Гейл — даниялик, шаҳар архитектураси бўйича меъмор ҳамда маслаҳатчи, етук мутахассис. У “Gehl Archtects” компаниясининг асосчиси ҳисобланади.

Гейлнинг 50 йиллик тадқиқотлари натижасида кўплаб шаҳарларда мафтункор, аҳоли гавжум ва экологик тоза жамоат ҳудудлари барпо қилинган. Хусусан, профессор Нью-Йорк, Копенгаген, Сидней, Лондон, Мельбурн каби йирик шаҳарларни ободонлаштириш, кўча ҳамда жамоат жойларини лойиҳалашга қўшган ҳиссаси учун нуфузли мукофотларга сазовор бўлган.

Унинг соҳага оид олтита китоби жаҳон халқларининг 35 тилига таржима қилинган. Чунончи, меъмор “Жамоат жойлари. Жамоат ҳаёти” китобида Копенгаген 40 йил ичида автоулов шаҳридан пиёдалар шаҳрига айлангани ҳақида ёзади.

2007 йилда Нью-Йоркнинг Транспорт департаменти пиёдалар ва велосипедчилар учун қулайлик яратиш мақсадида Ян Гейл билан ҳамкорликда иш олиб бориб, кутилган натижаларга эришган бўлса, мутахассиснинг ўзи Нью-Йорк, Лондон ҳамда Москва шаҳарларида жамоат жойларини аҳоли учун мослаштириш юзасидан тавсияларини ишлаб чиққан.

Эксперт юртимизга ташрифи давомида пойтахтимиз меъморчилигини кўздан кечириб, “Ҳазрати Имом” мажмуаси, Темурийлар тарихи Давлат музейи, Тошкент шаҳар метрополитени, “Шаҳидлар хотираси” мемориал комплекси билан яқиндан танишди.

Тошкент шаҳридаги лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари вакиллари, олий ўқув юртлари талабалари, меъморлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган тадбирда мутахассис ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш баробарида, пойтахтимиз ҳақида илиқ фикр-мулоҳазалар билдирди.

— Тошкент менда катта таассурот қолдирди, — дейди меъмор. — Бу ерда яшил ҳудудларнинг кўплиги, турли дам олиш масканлари ташкил этилгани, транспорт қатновини яхшилаш йўлида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани, айниқса, шаҳарда метронинг мавжудлиги диққатга сазовор.

“Замонавий шаҳар” деганда нимани тушунамиз? Бунда, аввало, аҳолига қулайлик яратиш масаласи назарда тутилмоғи лозим. Яъни шаҳарсозликда ҳаётга татбиқ қилинаётган ҳар бир лойиҳа одамларга наф келтириши, уларнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилиши даркор. Шу боис кейинги йилларда дунё архитектурасида муқобил манбаларга, хусусан, велойўлаклар ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастурга кўра юртимизга келган архитектор Ян Гейл, шунингдек, қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар — Самарқанддаги аждодларимиз яратган кўп асрлик тарихий обидаларни ҳам бориб кўради.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn