Илғор ғоялар, амалий таклифлар ва юқори натижалар
  • 17 Май 2017

Илғор ғоялар, амалий таклифлар ва юқори натижалар

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус — 2017” кўрик-танловининг республика босқичи иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси очилди.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танлов ўтган вақт мобайнида тадбиркор, фермер ва ҳунармандларнинг чинакам маҳорат майдонига айланди. Чунки ушбу босқичгача етиб келишнинг ўзи катта гап. Бунинг учун ҳар бир ишбилармон, аввало, қандай янгиликларни амалиётга жорий этгани, аҳоли бандлигини таъминлашдаги ташаббускорлиги, экспорт салоҳияти, қисқача айтганда, ўз фаолияти давомида мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси каби талабларга жавоб бериши лозим. 

Галдаги якунловчи босқичда ҳам, худди аввалгиларидек, ана шундай илғор ишбилармонлар жам бўлишди. Улар томонидан намойиш этилаётган маҳсулотлар нафақат турфа хил, балки сифат борасида ҳам бири-биридан қолишмайди.

Дарҳақиқат, мазкур соҳа вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, айни пайтда саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёрланмоқда. Иш билан банд аҳолининг 77 фоизи шу соҳада меҳнат қилаяпти. 

Эътиборли жиҳати, жорий йилда ҳудудларда кўрик-танловнинг қуйи босқичлари ҳам ишчан ва кўтаринки руҳда уюштирилди. Яъни 25 апрель санасига қадар республикамизнинг барча туманида танловнинг биринчи босқичи ўтказилиб, унда 7 053 та тадбиркорлик субъекти, 3 майгача давом этган Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар босқичига эса 576 нафар иштирокчи танлаб олинди. Ниҳоят, улар орасидан 41 нафари кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шулардан бири — Хонқа туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “FeedGran” агросаноат комплекси раҳбари Рўзибой Бекметов. Ушбу мажмуада парранда гўшти, тухум етиштирилиши баробарида, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик хўжаликлари учун омихта ем ҳам тайёрланади. Ҳозирги кунда бу ерда 250 минг бош парранда парваришланаётган бўлса, аҳоли дастурхонига йилига 40 миллион дона тухум ва 100 тонна парҳез гўшт етказиб берилаяпти. Бунда, албатта, корхона цехлари Швейцария ҳамда Германиянинг замонавий ускуналари билан жиҳозлангани қўл келаётир.

Жамоада 50 киши меҳнат қилади. Ўтган йили улар, шунингдек, хорижлик буюртмачиларга 577 минг АҚШ долларилик маҳсулот сотишди. Бу йил 2,5 миллион доллар миқдорида экспорт амалиёти рўёбга чиқарилади. Келгусида эса яна 165 минг бош товуқ боқишга мўлжалланган 3 та цех барпо этилиб, маҳсулотнинг 75 фоизи чет эллик харидорларга юборилади.  

— Юртимизда биз, қишлоқ мулкдорларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлардан беҳад мамнунмиз, — дейди Китоб туманидаги “Viget-Impeks” фермер хўжалиги раҳбари Усмон Тошев. — Бунга жавобан дастлаб фаолиятимизни узумчиликдан бошлаган бўлсак, кейинчалик боғдорчиликни йўлга қўйдик, полиз маҳсулотлари, кўкатлар етиштиришни ўзлаштирдик. Айниқса, маҳсулотларни замонавий совиткичларда сақлаб, хориж бозорларига чиқараётганимиз ишимизга йил сайин барака киритаяпти. 

Кўргазмада намойиш этилаётган ҳунармандчилик буюмлари ҳам барчада катта таассурот қолдирмоқда. Уларни томоша қилган киши ўзбек усталари меҳнатига қойил қолиши баробарида, миллий анъана ва қадриятларимиз янги қирралари пайдо бўлаётганининг гувоҳига айланади.  

— Ёшлигимдан ёғочсозликнинг сир-синоатини пухта ўрганишга қизиққанман, — дейди зангиоталик уста Камолиддин Раҳматиллаев. — Бу касбни эгаллаганимдан сўнг кўплаб йирик мажмуаларни қуриш ва таъмирлашда қатнашдим. Мақсадим — ўзбек ҳунармандчилиги шуҳратини бутун дунёга ёйишга ҳисса қўшиш. 

Кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими 22 май куни “Туркистон” саройида бўлиб ўтади. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn