Улуғвор мақсадлар тарғиботи
  • 16 Май 2017

Улуғвор мақсадлар тарғиботи

Шу кунларда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган, “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз!” ғоясини ўзида мужассам этган тарғибот тадбирларининг кўтаринки руҳи Сурхон воҳасига кўчди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим,  Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирда вилоятнинг барча ҳудуди қамраб олинди. 

Форумда қатнашиш учун вилоятга ташриф буюрган олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, кино ҳамда театр актёрлари, эстрада хонандалари “Термиз” халқаро аэропортида тантанали  кутиб олинди. Шаҳарнинг рамзий остонасидан бошланган байрамона шукуҳ тезда кенг қулоч ёзди. Шу куннинг ўзида Термиздаги “Ёшлар маркази”, “Паттакесар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган маданият ва аҳоли дам олиш маркази, Термиз давлат университети, 2-сон академик лицей, 12-Меҳрибонлик -уйида тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида учрашувлар бўлиб ўтди.

— Биз, ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан янада руҳланаяпмиз, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Лутфия Баротова. — Ушбу тадбир бизнинг ўқиш, ўрганишга бўлган иштиёқимизни орттириб, шу азиз Ватан равнақига камарбаста бўлишга ундамоқда.      

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли асарида мустақил тараққиёт йўлимиздаги тадрижий ривожланиш  тамойиллари, юрт равнақи, истиқболини белгиловчи энг устувор вазифалар баён этилган. Халқ билан мулоқот руҳида уюштирилган тадбирларда мазкур китобда илгари сурилган ғояларнинг мазмуни ва аҳамияти кенг тарғиб қилинмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар, аҳоли ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида дилдан, самимий суҳбатлар қурилаяпти. Вилоятдаги умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, марказий майдон ҳамда хиёбонлар, ҳарбий қисм, шунингдек, маҳалла ва гузарларда давом этаётган тарғибот тадбирларига уюшмаган ёшлар жалб қилинаётир.

Акция доирасидаги фотокўргазмаларда халқимизнинг истиқлолга эришгунга қадар маънавий ҳаёти ва ижтимоий аҳволи, мустақиллик йилларида эришилган улкан ютуқ ҳамда натижалар, ижобий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя этувчи суратлар намойиши томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда. Маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурларида ватанпарварлик, она-юртга садоқат, тинч ва осойишта ҳаёт завқи баланд пардаларда тараннум қилинаяпти.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn