Меҳр-оқибат қўрғони
  • 16 Май 2017

Меҳр-оқибат қўрғони

Оилани ва оилавий муносабатларни асраш кўпни кўрган донишманд халқимизнинг азалий қадриятларидан саналади. Жамиятнинг муҳим бўғини, кучли ҳамда барқарор давлат негизи — оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг ижтимоий йўналтирилган сиёсатида устувор йўналишлардан бири экани бежиз эмас. Бинобарин, мамлакат ҳаётида юз берадиган ҳар қандай ўзгаришлар, ислоҳотлар таъсири ва ифодаси оилада намоён бўлади. Юртдаги осойишталик, ҳамжиҳатлик ҳам оилалардаги тотувлик, фаровонлик билан боғлиқ.

Айниқса, жисмоний ҳамда маънавий соғлом, замонавий дунёқараш ва интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялашдек муҳим мақсадга бу институтни ривожлантирмай туриб эришиш мушкул. Ўз эртаси, тақдири ҳақида қайғурадиган давлат ҳамда жамият борки, оилаларни муҳофаза этишга, бу борада ташкилий-ҳуқуқий, институционал асосларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратади.

Айни мақсадда мамлакатимизда миллий ва маънавий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар тобора кенг қулоч ёзаяпти. Конс-титуциямиз асосида қабул қилинган Оила кодекси ҳамда бошқа халқаро меъёрларга тўла мувофиқ келувчи ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат тегишли қонунчиликни такомиллаштириш, улар ижросини таъминлаш, бунда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан белгиланган аниқ вазифалар изчил рўёбга чиқарилаётир.

Бугун республикамиз аҳолисининг 98 фоизи оилаларда истиқомат қилади ҳамда оилалар сони 7 миллион 560 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Дунё бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, Ўзбекистон ажралишлар сони камлиги бўйича етакчи давлатлардан бири саналади. Ваҳолонки, ҳозирги глобаллашув замонида шундай давлатлар борки, уларда ҳар икки оиладан бири ажралиш билан барбод бўлмоқда.

Республикамизда оилаларнинг давлат ва жамият томонидан муҳофаза қилинишига доир конституциявий норманинг амалиётга самарали татбиқ этилаётгани барчамизга мамнуният ҳамда ғурур бағишлайди. Мазкур йўналишдаги комплекс чора-тадбирларнинг нечоғли ҳаётбахшлигини “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан доимий равишда аҳоли кенг қатлами ўртасида ўтказиб келинаётган сўров натижалари ҳам яққол тасдиқлайди. Уларга мувофиқ, юртимиз аҳолисининг мутлақ катта қисми ўз оиласини бахтли деб ҳисоблайди. Юртдошларимиз давлат ва жамият томонидан оилаларда турмуш маданияти ҳамда сифатини оширишга, ҳар бир инсоннинг муносиб яшашини кафолатлашга юксак аҳамият қаратилаётганини қайд этади.

Шу ўринда таъкидлашни истардикки, давлатимиз раҳбарининг “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоя йўлидаги ташаббуслари айни дамда барча соҳада ислоҳотларнинг тубдан такомиллашувига, давлат органлари, жамоат ташкилотлари фаолиятида сезиларли янгиланишларга туртки бермоқда. Одамларни ўйлантираётган масалаларга ечим топилиб, халқнинг рози бўлиб яшаши учун амалий саъй-ҳаракатлар кўлами кенгайиб бораётгани пировардида оилалар фаровонлигини янада таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ҳам бор куч ва имкониятларини сафарбар қилаётгани, ислоҳотлар самарадорлигида жамоатчилик иштироки ҳамда назорати фаоллашаётгани диққатга сазовор.

Хусусан, аёллар манфаатларини, оналик ва болаликни муҳофаза этишда бой тажриба ҳамда салоҳиятга эга тизим — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларда оилавий қадриятларга эҳтиром ва садоқат ҳиссини кучайтириш ишлари салмоғини янада оширмоқда.

Узоққа бормайлик, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўтган даврида қўмита томонидан қатор давлат ҳамда нодавлат тузилмалар ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳлар 8,5 мингга яқин маҳалладаги 4 миллион 376 мингдан зиёд оилаларда бўлиб, улардаги ижтимоий-иқтисодий, маънавий муҳитни яқиндан ўрганди.

Ўрганишлар давомида аҳоли томонидан 828 минг 700 дан ортиқ муаммолар кўтарилди ва уларнинг ярмидан кўпи жойида ҳал қилинди. Мактаб, маҳалла ҳамда оила ҳамкорлиги, аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқ-бузарликлар содир этилишига олиб келувчи омиллар чуқур таҳлил қилинди.

Маълум бўлишича, оилаларни, асосан, муқим даромад манбаини шакллантириш, хотин-қизларнинг доимий иш билан таъминланиши, тураржойга эга бўлиш, ер олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, банк кредити асосида тадбиркорликни йўлга қўйиш каби масалалар кўпроқ ўйлантирмоқда.

Хонадонларга кириб, одамларнинг турмуш шароитлари билан танишиш жараёнида ишчи гуруҳларга мурожаат этган фуқароларнинг 34 мингдан кўпроғи ишга жойлаштирилди, 15 минг 566 нафарига кечиктирилган иш ҳақи ва пенсиялари тўланишига, 21 минг 888 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилди. Асосийси, 5 минг 600 дан зиёд ажралишларнинг олдини олишда, суд ижрочилари билан ҳамкорликда 5 минг 376 нафар фуқаронинг алимент тўлаши таъминланишида мазкур тадбирларнинг аҳамияти катта бўлди.

Ҳар бир оилада тотувлик, файзу барака қарор топишига кўмаклашишдек хайрли ният билан бошланган бундай саъй-ҳаракатлар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам самарали кечмоқда.

Яна бир жиҳат. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан жойларда “Аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари” ташкил қилинди. Ҳаёт йўлларида жиддий муаммоларга учраган, кутилмаган синовлар, ташвишлар эсанкиратиб қўйган, тушкун кайфиятдаги, мададга муҳтож хотин-қизларга ҳамда уларнинг оилаларига ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ва психологик ёрдам кўрсатиш, зарур тушунтириш ишларини олиб борувчи мазкур марказлар юзлаб хонадонларда соғлом муҳитни тиклашга кўмаклашаётир.

Қайсики оилада аёл — она оқила ҳамда омилкор бўлса, оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрни ва мавқеини топса, бу қўрғондан соғлом қараш, эзгу амаллар аримайди. Унда ўсаётган фарзандлар тарбиясида бўшлиқ бўлмайди. Бу эса дунёда кескин ғоявий кураш ҳамда таҳликалар тобора жиддий тус олаётган ҳозирги замонда ғоят аҳамиятлидир.

Дарвоқе, айни пайтда оилалар, кўпроқ ёш оилалар ўртасида ўзаро келишмовчилик ва -бошқа турли сабаблар билан ажралишларнинг олдини олиш, фуқароларимизда оила олдидаги бурч ҳамда масъулиятни англаб, уларни адо этишга ҳаракат қилиш кўникмасини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан чора-тадбирлар Дастури тасдиқланиб, ижрога йўналтирилди.

Аслида жуфт-жуфт бўлиб яшаш ҳамда наслни давом эттириш табиатнинг жамики жонзотларига хосдир. Табиат гултожи — инсон бу қонуниятга оила аталмиш қўрғонни қуриш орқали амал қилади, оилавий муносабатларни, умид ҳамда қувонч муждаси — фарзандларни кўз қорачиғидек асрашга интилади. Ҳаётимиз мазмунини, чинакам бахтни, аввало, оиладаги хотиржамликда ва унда ҳукм сураётган меҳр-муҳаббат, оқибат, қаноат, ишонч, ҳалоллик каби покиза туйғуларнинг мустаҳкамлигида кўрамиз. Зотан, ҳаммамиз талпинадиган, қалбан, руҳан ҳаловат топадиган ошён, бу — оила. Оила мустаҳкам бўлса, болалар бахтиёр, жамият барқарор бўлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 1994 йилдан эътиборан 15 майни Халқаро оила куни сифатида нишонлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шундан буён дунё миқёсида мазкур сана муносабати билан турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Халқаро оила куни мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади. Умуман олганда, эзгулик қўрғони — оила институтини мустаҳкамлаш йўлида юртимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар аҳамиятига кўра бемисл ҳамда бардавомдир.

Танзила НАРБАЕВА,

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn