Йўллар туташ — кўнгиллар туташ
  • 16 Май 2017

Йўллар туташ — кўнгиллар туташ

Жорий йил апрель ойининг охирги ўн кунлигида Хитойда Ипак йўлининг иқтисодий белбоғи ўтган давлат оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ижодий семинар ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам қатнашди.

Хитой деганда нафақат Осиё қитъасида, балки бутун дунё ҳамжамиятида салмоқли ўринга эга, катта ҳудуд ва беқиёс аҳолиси билан оламшумул ютуқларга эришаётган мамлакатни кўз олдимизга келтирамиз. Тарихан қисқа муддат ичида жаҳоннинг энг илғор давлатлари билан рақобатга кира олгани, мухтасар айтганда, Хитой феномени бугун Ер юзини ҳайратга солмоқда.

Хўш, иқтисодий мўъжизанинг сири нимада? Жон бошига яшаш майдони ниҳоятда камлигидан келиб чиқиб чора топишми ёки кўп миллатли халқнинг ҳар бир одимини таҳлил қилиб, миллий сиёсатни қадам-бақадам изчил жорий этиш самарасими? Табиийки, бу саволга бир-икки жумла билан жавоб бериш мушкул.

Йиллар мобайнида юксалган чинор танасини қучоққа сиғдириб бўлмагани каби, Хитойда амалга оширилган самарали ислоҳотларнинг саноғига етиб бўлмайди.

Шу ўринда кейинги йигирма йилда шиддатли тараққиёт йўлидан дадил олға бораётган Шинжон Уйғур автоном районида рўёбга чиқарилаётган туб ўзгаришлар мисолида фикримизни ифодаласак. Негаки, Хитой давлати раҳбарлари дунё миқёсида Ипак йўли белбоғи ўтган мамлакатларни ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликка чорлаб, “Бир макон, бир йўл” ғояси асосида Шинжонни ўарб билан боғлайдиган энг муҳим стратегик манзил деб эълон қилди. Қолаверса, ушбу ҳудуднинг табиий иқлим шароитлари жиҳатидан Ўзбекистонга муштарак томонлари анчагина.

Албатта, кўз ўнгимизда барқ уриб ривожланаётган Шинжон Уйғур автоном райони ўз-ўзидан бугунги даражага эришмади. Мамлакат раҳбарлари масалани ҳар томонлама муҳокамадан ўтказишди. Биринчи хулоса шу бўлдики, ўлкани илғор минтақалар даражасига олиб чиқиш вазифасини фақат шинжонликларнинг ўзига ташлаб қўйиб бўлмайди. Бунинг учун бутун Хитой сафарбар бўлиши керак. Асосий мадад денгиз бўйидаги ривожланган ҳудудлардан келиши кўзда тутилди. 1997 йилнинг февралидан бошлаб Шинжонга манзилли ёрдам бериш бўйича давлат дастури эълон қилинди. Бу муҳим вазифани бажариш учун илк қадам шундай бўлди: Шинжонни севадиган, давлат эълон қилган сиёсатнинг асосий моҳиятини, танлаган йўлини ва ягона мақсад-маслагини қаттиқ тутадиган катта миқдордаги кадрлар тайёрлансин ҳамда Шинжонга юборилсин. Мамлакатнинг бу ҳудудига кўмак бериш Хитой халқининг миллий қадрияти даражасига кўтарилди.

Дастлабки ўн икки йилда мамлакат 6 марта жами 3700 нафар кадрни Шинжонга ёрдамга юборди. Хитойнинг турли чеккаларидан 4,3 миллиард юань миқдорида беминнат кўмак ва пул тушуми ажратилди. 2010 йилга келиб, давлат бу сиёсатнинг иккинчи бос-қичида шиддатли ривожланиш ҳамда Шинжонда ялпи осойишталик ва фаровонликни ҳимоялаш бошланганлигини расман эълон қилди. Бундай самаралар халқнинг кўнглини кўтарар, эртанги кунга ишончини мустаҳкамларди. Нафақат бу ҳудудга малакали кадрлар келар, балки айнан шинжонлик кадрлар Хитойнинг илғор ҳудудларига бориб тажриба ўрганишарди.

Манзилли ёрдам бериш шакли такомиллаштириб борилди. Мамлакатнинг тараққий топган 19 та провинцияси ҳамда шаҳри Шинжоннинг 12 та округига, 82 та уезди ва шаҳрига бевосита кўмаклашадиган бўлди. Бунинг учун 2 миллиард 890 миллион юань миқдорида маблағ ажратилди. “Биргаликда ишлаймиз”, “Барака — аҳилликда”, “Шинжон бўйлаб саёҳат” тадбирлари, концертлар, кўргазмалар, тақдимотлар 2100 марта ўтказилди. Халқ фаровонлигини кафолатлаш ҳамда яхшилаш асосий мезон сифатида белгиланди. Молиявий ёрдам миқдори оширилди, бу юмуш қонунчиликда аниқ ифодасини топди.

2014 йилдан бугунги кунгача давом этаётган давлат дастури учинчи босқичи ижроси бир неча марта мамлакат миқёсида олий даражада муфассал муҳокама қилинди. ХХР Раиси Си Цзиньпин бу борада виждонан бажарилган ишни бутун давлатнинг муҳим юмуши, деб таъкидлади. Олдинга тинч-осойишта турмуш тарзини мустаҳкамлаш вазифалари қўйилди. Шинжоннинг стратегик мақоми аниқ белгиланди: мазкур замин Хитой учун ўарбга очилган дарвоза бўлиб, Ипак йўли Иқтисодий белбоғининг муҳим энергиявий базаси, транспорт йўлаги, деб аталди. Ушбу ҳаракатга ҳисса қўшиш миллий жипсликнинг муҳандислик ечими сифатида баҳоланди.

Умумхалқ ҳаракатининг натижалари қувонарли бўлди. Шинжоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2010 йилдаги 543,7 миллиард юандан 2016 йилда 961,7 миллиард юанга етди. Ҳар йиллик ўртача ўсиш 9,16 фоизни ташкил этди. Иқтисодий тузилма яхшиланди ва тараққиёт усуллари ўзгарди. Барча миллатга мансуб аҳолининг фаровонлиги ошди.

Йигирма йиллик ҳаракат тўхтаб қолгани йўқ. Олдинга қўйилган вазифалар 2020 йилгача мўлжалланган. Шуни айтиш керакки, Шинжонни обод заминга айлантириш йўлида қилинган ишларни фақат юқорида тилга олинган рақамларгина ифодаламайди. Одамлар онгидаги ўзгариш, уларнинг Ватан манфаати, юрт шаъни учун кураши ҳар қандай ўсиш-ўзгаришдан юқори туради. Тўғри, баъзан бандаси барибир ўз манфаатини ўйлайди-да, деган фикр хаёлга келиши мумкин. Лекин инсон, табиат ичра олий ва онгли зот экан, ўз туғилган тупроғи манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиши керак эмасми?! Биз мамлакатнинг қаерида бўлмайлик, одамларнинг юз-кўзларидаги ишонч туйғуси, ҳаётдан мамнунлик кайфиятини кўрдик.

Ипак йўлида жойлашган давлатларнинг вакиллари бўлган оммавий ахборот воситалари ходимларини жойларда юксак мамнуният билан қарши олишди. “ўарб мева саноат компанияси” юқори технология корхонасида бўлганимизда, турфа ноз-неъматларни беш-олтитадан, баъзан икки донадан қадоқлаб чиқаришаётганини намоён этишди.

Иккинчи қаватга чиқсак, катта залда 50 — 60 чоғли йигит-қизлар иш билан банд. Аввалига улар ўтирган жойни дастгоҳ деб ўйлабмиз. Яқинроқ борсак, ҳар бир ходимнинг олдида биттадан компьютер, улар маҳсулот маркетинги бўйича дунёдаги ҳамкорлар билан музокара олиб боришаётган экан. Улардан бири — Синь Шин Зинни суҳбатга тортамиз. Бу йигит уч йилдан буён шу корхонада ишларкан. Вазифаси бозор кўламини кенгайтиришдан иборат бўлиб, электрон бозор асосий музокара воситаларидан бири экан.

Ҳамидаги “Ипак йўли дурдонаси” музейида маҳаллий аҳоли буғдой унидан хамирни қандай тайёрлаш, сўнгра тандирга нон ёпиш, пировардида саватга нонни узиб, кўргазмага қўйишгача бўлган жараённи ўзига хос тарзда акс эттиришибди. Шу ўринда Самарқанд нони ҳақида гапириб бердик. Бу қадимий шаҳримизга келган меҳмон, албатта, Самарқанд нонидан олиб кетади. Шундай нонни бошқа жойларда тайёрлашга уринилганда, ўша даражада неъмат тайёрлаб бўлмаганини ҳикоя қилдик. Умуман, нонга -нисбатан эҳтиром, унинг ҳар бир ушоғини қадрлаш, кўзга суртиш ўзбек халқи учун юксак қадрият эканлиги хусусида сўз юритдик.

Иллинойс районида бўлганимизда, бизни маҳаллий аҳоли хонадонига таклиф қилишди. Овулбоши меҳмонлар билан тезда тил топишди. Кувайтлик меҳмон Самира Фримеэ мезбонлар билан биргаликда кабоб тайёрлашга киришиб кетди. Бир қозонда палов, яна бирида қўй гўштидан қовурдоқ меҳмонларнинг тушлик дастурхонига аталган экан. Ҳамма хонадон ичкарисида тузалган дастурхонга таклиф этилди. Уй эгаси Намат ака ва Гулдаста опа қўлга соз олиб, қўшиқни бошлаб юборди.

Сафаримиз давомида Тянь-Шань тоғининг пойигача бордик. Бу замин Тангритоғ деб ҳам аталади. Ёдимизга шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Сенга тенгдош Помиру оқсоч Тиёншон, ўзбегим” деган сатрлари келди. Ҳақиқатан ҳам, Тянь-Шань оқсоч: ниҳоятда қадимий ва ёзда ҳам чўққиларидан қор аримайди. Шу тоғга туташ Баркул шаҳри ва шу номдаги кўлнинг ичкарисигача кириб борган саёҳатимиз мароқли ўтди. Маҳаллий аҳоли бизга бургут рақсини намойиш этди.

Бизни сафар мобайнида энг хурсанд қилган ҳолат шу бўлдики, Хитой раҳбарлари, халқининг Ўзбекистонга меҳр билан, катта ҳурмат билан муносабатда бўлганидир. “Сизнинг Ватанингиз Ўрта Осиё минтақасида муҳим ўрин тутиши бутун дунёга кўриниб турибди”, дейишди семинар ташкилотчилари. Музокараларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб бердик. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ишлаб чиқилган беш йўналишдан иборат Ҳаракатлар стратегияси семинар қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Стратегиянинг хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга оид йўналиши бўйича кенгроқ изоҳ сўрашди.

Якуний анжуманда қуйидаги таъриф баён этилди: “Бир киши йўлга тушса, узоққа бориши мумкин. Кўплашиб маррага интилса, янаям узоққа етиб боради”. Бу хулоса ўн беш мамлакатдан келган вакилларнинг ҳаммасига тушунарли бўлди.

 

Тарихга бир назар...

Эрамиздан олдинги II асрда йўллар Хитойга келиб узилиб қолган. Яъни бу кўҳна ўлка ўарб билан алоқа қилмаган. Оддий тасодиф билан дўст қабилалардан бирини ёвуз кучлар қувиб чиқаришади. Кейинроқ бу ҳолдан хабар топган император Чжан Цянни ҳалиги қабилани қайтариб келиш учун элчи қилиб юборади. Элчи йўл юради, йўл юрса ҳам мўл юради. У келиб қолган жой бугунги Ўзбекистон заминига тўғри келади. Мазкур манзилда ҳунармандчилик ривожланган, ён-атроф обод, энг муҳими, Хитойдаги майда отлардан кўра бақувват, қанот боғлаб учадиган отлар элчи эътиборини қозонади. Чжан Цянь ўн йил деганда юртига қайтиб келиб, кўрганларини императорга гапириб беради. Ҳукмдор, -айниқса, жангларда қўл келишини ўйлаб, отларга қизиқиб қолади. Элчига совға-салом бериб, ўша юртлар билан алоқа ўрнатишни топширади. Элчи олган туҳфалар ичида мулойим, юмшоқ, жозибали ипак ўзга эллар эътиборини жалб этади. Шундай қилиб, Ипак йўли очилади.

Ипак йўли деган сўз илк бор 1877 йили немис олими Фердинанд дон Рихтгофен томонидан муомалага киритилди.

2013 йилда ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Марказий Осиёга қилган ташрифи мобайнида “Бир макон, бир йўл” деб аталган ташаббуси бу қадимий йўлга туташ давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Шуҳрат ЖАББОРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn