Мурожаатлар билан ишлашда инновацион усуллар фуқаролар учун қатор қулайликлар яратмоқда
  • 16 Май 2017

Мурожаатлар билан ишлашда инновацион усуллар фуқаролар учун қатор қулайликлар яратмоқда

Мамлакатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари жуда қисқа муддат ичида одамлар ўй-ташвишларини енгиллаштириб, уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган масканга айланди. Бунда мулоқотнинг замонавий инновацион усулларидан самарали фойдаланиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Вилоятнинг юртимиздаги йирик ҳудудлардан бири эканлигини инобатга оладиган бўлсак, бу усул амалиётда катта самара бераяпти.

Вобкент тумани “Қўнғирот” фуқаролар йиғинидаги Косари қишлоғида яшовчи Ҳамро Акрамов 2013 йилда  кейинчалик қайтариб бериш шарти билан  Гулбаҳор ўаниевадан жуда катта миқдорда пул қарз олганди. Қишлоқдошининг ишончига кирган бу шахс  пулни қайтаришни хаёлига ҳам келтирмади, бир муштипар аёл эса оғир ташвишлар ичида қолди.

— Туманимизда Халқ қабулхонаси очилганини эшитиб, шу ерга келдим, — дейди Г. ўаниева. — 18 апрель куни видеоконференцалоқа орқали Бухоро вилояти Халқ қабулхонаси мудири билан юзма-юз суҳбатлашдим. Тўрт йилдан буён ҳал этилмай келинаётган муаммони айтдим. Орадан бир кун ўтар-ўтмас тегишли идорадан раҳбар ва ходимлар келиб, мурожаатимни ўрганишди. Қарздордан ўзимга етказилган зарарни тўлиқ ундириб олдим. Муҳими, ҳақиқат қарор топгач, руҳим кўтарилди. Оилам ҳаётига ҳаловат ва хотиржамлик қайтди. Бу эзгу ишларнинг ҳаммаси Президентимизнинг халқ мурожаатлари билан ишлаш йўлида олиб бораётган одилона сиёсати натижаси, албатта.

Дарҳақиқат, мулоқотларнинг видеоконференцалоқа тизими орқали олиб борилаётгани нафақат мурожаатчиларга, балки раҳбар ва мансабдор шахсларга ҳам қўл келаяпти. Вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари мутасаддилари олис ҳудудлардаги аҳоли билан мулоқот қилишда, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда шу тизимдан унумли фойдаланмоқда. Инновацион тизим вилоятдаги барча туман ва шаҳарда ўрнатилган. Бу эса одамларга мурожаат этишда вақт ва маблағини тежашга имкон бераётир, турли оворагарчиликларнинг олди олинаётир. У ёки бу масала ечимини топиш жараёни ҳам тезлашмоқда.

— Фуқаролар мурожаатларини мониторинг қилиш  тизимини йўлга қўйганмиз, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Қудратов. — Унга кўра, ҳар ҳафтанинг якуни бўйича таҳлиллар ўтказилмоқда. Мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш тизимини жорий этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилаяпти. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларимиз, ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари, “Нуроний” жамғармаси каби ташкилотлар билан ижтимоий шериклик асосидаги тадбирларимиз самара бермоқда. Улар жамоатчилик назоратини кучайтириш, раҳбарлар масъулиятини ошириш, мутасаддилар онгу шуурига “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни чуқур сингдиришда баҳоли қудрат фаоллик кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунга қадар вилоят Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 3 мингдан кўпроғи ҳал этиш учун ҳудуддаги ташкилотларга, 200 га яқини тегишли юқори ташкилотларга юборилган. Салкам 400 мурожаат қабулхонанинг ўзида кўриб чиқиш учун қолдирилган. Мурожаатлар мазмунига кўра, уй-жой олиш, ер ва иш билан таъминлаш, моддий ёрдам ҳамда кредит бериш, пенсия ва нафақалар тайинлаш, коммунал тўловлар, газ, электр энергияси, сув таъминоти долзарб масалалар бўлиб қолмоқда.

— Хусусий корхонамиз бор, — дейди Олот туманилик тадбиркор Илёс Рўзиев. — Мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, бизнесимизни кенгайтирмоқчи бўлдик. Шу мақсадда бизнес-режа туздик. Қўшимча иш ўринлари яратишни ўз олдимизга ният қилиб қўйдик. “Ёш ботир” фуқаролар йиғини ҳудудида савдо маркази қуриш учун туман ҳокимига ер ажратиб беришни сўраб, бир неча  бор мурожаат этдик. Аммо орадан қанча ой ўтса-да, тайинли жавоб ололмадик. Иш нуқул пайсалга солиб келинди. Халқ қабулхонасига мурожаат қилганимиздан кейингина бу муаммо қисқа муддат ичида ижобий ечим топди.

Ромитан туманидаги “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нигора Чориева Халқ қабулхонасига асаларичиликни ривожлантириш учун банкдан кредит олишда айрим тўсиқларга дуч келгани ҳақида ёзиб, ёрдам сўраган эди. Унинг мурожаати ҳам қаноатлантирилди. Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи Ирода Хўжаева эса Халқ қабулхонаси кўмагида муқим иш ўрнига эга бўлганидан хурсанд.

Эътиборлиси, қанча инсонларнинг қувончини акс эттирган, одамларнинг давлатга ишончи ортишига сабаб бўлаётган бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Жойлардаги Халқ қабулхоналарига мурожаат қилаётган юртдошларимиз мазкур институт хизматидан рози бўлишмоқда. Кўнгиллар инсон манфаатларини ҳар нарсадан устун биладиган шундай даргоҳ борлигидан шукроналик ҳиссини туймоқда. 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn