Дастурхонда дунё таомлари
  • 16 Май 2017

Дастурхонда дунё таомлари

“Ўзэкспомарказ” мажмуида мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва хорижий ташкилотлар вакилларининг маданий анъаналар ҳамда миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Д. Ҳакимов ва бошқалар юртимизда тинчлик, миллатлараро тотувлик, давлатлараро дўстона алоқалар ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга давлатимиз томонидан юксак эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, дипломатлар иштирокида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган турли спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар, фестиваллар ана шу мақсадга хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан бу гал ўн бешинчи бор уюштирилган тадбирда АҚШ, Афғонистон, Бангладеш, Болгария, Буюк Британия, Венгрия, Вьетнам, Жанубий Корея, Индонезия, Иордания, Италия, Кувайт, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Словакия, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Украина, Франция, Хитой, Чехия, Швейцария, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Фестивалга ташриф буюрганлар турли халқларнинг миллий таомларидан татиб кўриш, уларнинг тайёрланиш усуллари ҳақида маълумот олиш баробарида, маданиятлари, урф-одатлари, қадриятлари ҳамда миллий либослари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди. Масалан, ҳинд ладдуси, итальян спагеттиси, французча “киш” пироги, корейсча пулькоги (мол гўштидан таом), самсек гёнгдан (гуручдан кекс), умуман олганда, ҳар бир таом ўзига хос таъми, мазасига кўра ажралиб туради. Тадбирда шундай муҳит ҳукм сурдики, кўрсатилган лутф, таклиф этилган ноз-неъматлар ҳар бир меҳмонда ўша мамлакат ҳақида кенг тасаввур уйғотди.

— Ушбу ажойиб фестивалда тўртинчи бор иштирок этаяпмиз, — дейди Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси биринчи маслаҳатчиси Мириам Галлан. — Бундай тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, турли миллатларнинг урф-одат ва маданиятларидан яқиндан хабардор бўлиш имконини беради. Фестивалда элчихонамиз колбаса маҳсулотлари, салатлар, ичимликларни намойиш этди. Улар барчада катта қизиқиш уйғотганидан беҳад мамнунмиз. 

Турли тиллардаги қўшиқлар, жозибадор куй ва рақслар тадбирга янада ажиб файз бағишлади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган сурат.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn