Хотира ва Қадрлаш куни тадбирлари юртдошларимизда катта таассурот қолдирди
  • 12 Май 2017

Хотира ва Қадрлаш куни тадбирлари юртдошларимизда катта таассурот қолдирди

Юртимиз кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётган автомобилларда, кексаю ёш кўксида байроғимиз асосида яратилган ленталарни кўрдингизми? “9 май — Хотира ва Қадрлаш куни” ёзуви битилган этикетлардан олгандирсиз?!

Бу мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланган, ҳали ҳам давом этаётган байрам шукуҳидан бир лавҳа. Очиғи, бу йилги айём ўзгача бўлди. Бундай кўтаринкилик қутлуғ санага тайёргарлик кўришдан бошланиб, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги сўлим боғда ташкил қилинган маърифий дастурда ҳам яққол акс этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилган ишлар барчани тўлқинлантириб юборди. Ушбу ҳужжатлар ижроси юзасидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз табриги, 2 миллион сўмдан пул мукофоти, навбатсиз машина олиш учун сертификат топширилди, эҳтиёжмандларга уй берилди...

Байрам арафасида интернет орқали Хотира ва Қадрлаш кунини янада кенг тарғиб қилиш, унинг тадбирлари ҳақида нафақат юртдошларимиз, балки чет элликларни ҳам яқинроқ таништириш мақсадида “#Xotirauz” акцияси кенг ўтказилди. Бир неча кун мобайнида ушбу хештэг ёрдамида ижтимоий тармоқларни юртимиздаги 9 май санаси билан боғлиқ турли тадбирлар қамраб олди.

Ўзбекистон ёшлари иқтидорли, интилувчан. Бугун йигит-қизларимиз ўз билимларини мустаҳкамлаш мақсадида нафақат мамлакатимиз, балки турли хорижий давлатлардаги олий ўқув юртларида ҳам таҳсил олишаяпти. Эътиборлиси, бу навқирон авлод вакилларининг аксарияти ўзи ўқиётган мамлакатда Хотира ва Қадрлаш кунини фаол тарғиб этди. Масалан, Хитойнинг Чжэцзян университети талабаси Достон Эрматовни олайлик. У Хотира ва Қадрлаш куни тасвири ифодаланган лавҳани ўқитувчи ҳамда дўстлари билан бирга тарғиб қилиб, сурати ва дил сўзлари билан “Фейсбук” ижтимоий тармоғига жойлади.

— Тинч, осойишта юртда туғилганимдан жуда ҳам фахрланаман, — деб ёзади Достонбек. — Ота-боболаримиз Ватан озодлиги учун жонини фидо этишган. Биз, ёшлар уларни ҳар доим эслаб юришимиз, кексаларни йўқлаб, кўтаринки кайфият ҳамда қувонч -улашиб, уларнинг дуосини олишимиз керак. Ахир қарияларнинг дуосида хислат кўп. Ўқишларимни аълога тугатиб, она-юртимиз равнақига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшишга ваъда бераман.

Токио жаҳон тиллари университети талабаси Гулжаҳон Назарова эса Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан юртимизда ўтказилган тадбирларни япониялик дугоналарига ҳам фахр билан айтиб берди. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида, жумладан, шундай дейди:

— Хотира ва Қадрлаш куни биз, ёшларни тинчлик ҳамда келажагимиз учун ўз жонини фидо қилган аждодларимизни ёд этиш, зиёрат қилиш ва тинчликнинг қадрига етишга ундайди. Бу каби лойиҳалар нафақат Ўзбекистондаги юртдошларимизни, айни пайтда бутун дунёдаги ҳамюртларимизни ҳам бирлаштирувчи бир тадбир, десам, муболаға бўлмайди.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти боғида бўлиб ўтган Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Fалабанинг 72 йиллигига бағишланган байрам тадбири ҳам “Фейсбук”, “Твиттер” ва бошқа ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинди. Чунончи, боғда ўрнатилган “9 май — Хотира ва Қадрлаш куни”, “Fалаба байрамингиз муборак бўлсин!”, “Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!”, “Ватан ўз қаҳрамонларини унутмайди” каби шиорлар, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳарбий қурол-аслаҳалар, ҳарбий техникалар, қолаверса, ўша давр ҳарбий хизматчиларининг хизмат шароити акс эттирилган кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, фойдаланувчилардан бири Қобил Ражабов шундай ёзади: “Ўзбекистон халқи Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонламоқда. Бундай байрам учун ташкилотчиларга раҳмат!”

Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Валерий Шепоткин эса “Боғда бундай кўргазманинг ташкил қилиниши тарбиявий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Вояга етаётган авлод фашизм устидан қозонилган ғалаба учун ота-боболаримиз жонини фидо этганини чуқур билиши ҳамда мустақилликнинг қадрига етиши керак”, деб ёзган.

Пойтахтимиздаги “Дўстлик” боғида ўрнатилган Шомаҳмудовлар оиласи монументи ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Жумладан, Умида Аҳмеджонова “Бу жуда ажойиб воқеа. Чунки Ўзбекистон халқларни ўзида бирлаштирган, кўп миллатли мамлакат. Қойил!” деб ёзган.

Мазкур воқеа қўшни мамлакатлар вакилларида ҳам катта таассурот уйғотди. Хусусан, Қозоғистондан Алтинай Камбаркизи “Тошкентга бориб, Шомаҳмудовлар оиласи монументи пойига гул қўйиб келмоқчиман. Ўзбек халқининг чексиз меҳр-муҳаббатини ифода этган бу оила олдида таъзим қиламан... Сизлар билан фахрланаман”, дея фикрини баён этган.

Мунаввар Шукурова исмли фойдаланувчи эса “Хотира ва Қадрлаш кунидаги ажойиб сценарий учун катта раҳмат!” дея миннатдорлигини билдирган.

Президентимиз қарорига мувофиқ, 9 май куни кеч соат 21:00 да мушаклар отилди. Бу ажойиб онлар шу куни Тошкентнинг деярли барча жойидан кўринди. Айниқса, ушбу мушакбозликни мобиль қурилмалари ёрдамида тасвирга туширганлар уни интернетга жойлаштирди. Бундай ёрқин видеотасвирлар глобал тармоқда ҳам кенг аудитория эътиборини тортаяпти.

“Чиройли, ажойиб мушаклар отилди”, дея ёзади Вазген Геворкян. Фируза Исматова эса “Бу мушакбозликлар мусаффо осмон, фаровон ҳаётимиз учун”, дея изоҳ қолдирган.

Қисқаси, бу йилги Хотира ва Қадрлаш куни тадбирлари ҳаммага унутилмас онларни туҳфа этди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn