Жамоатчилик назорати — соғлом муҳит кафолати
  • 12 Май 2017

Жамоатчилик назорати — соғлом муҳит кафолати

Жамият ҳаётида тинчлик ва осойишталик, соғлом маънавий муҳит барқарорлиги барча жабҳада ривожланишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Зеро, ота-боболаримиз “Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака қочади”, деб бежиз айтмаган. Шу боис юртимизда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада, шубҳасиз, ҳар ҳафтанинг пайшанбасида ўтказиб келинаётган профилактика тадбирларининг алоҳида ўрни бор.

Навоий вилоятида профилактика тадбирлари доирасида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, улар улғаяётган муҳитни ўрганиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун муносиб шарт-шароит яратиш, “Маҳалла — оила — таълим муассасаси” ҳамкорлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасаларида ўқувчи ҳамда талабалар, аҳолининг уюшмаган қатламлари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилаяпти. Мазкур мулоқотлар чоғида жойлардаги мавжуд камчиликлар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари кенг жамоатчилик иштирокида -муҳокама қилинаётгани, айниқса, ўз самарасини кўрсатмоқда.

— Ўтказилган сўнгги тадбирларимизга ҳудудимиз бўйича 2255 нафар масъул ходим жалб этилди, — дейди Навоий вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси инспектори Шаҳоб Баратов. — 115 та умумтаълим мактаби ҳамда 29 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда “Давомат” тадбири ўтказилиб, бир кунлик ўрганишлар натижасига кўра, дарсларга сабабсиз қатнашмаётган 43 нафар ўқувчининг ота-онаси ҳамда таълим муассасалари раҳбарларига нисбатан таъсир чоралари кўрилди.

Бундан ташқари, кун давомида салкам 7600 хонадон ўрганилиб, паспорт-виза қоидасини бузган 29 нафар шахс аниқланди. Айни чоғда 13 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, илгари содир қилинган 6 та жиноят фош этилди.

Навбатдаги профилактика куни давомидаги ўрганишлар натижалари бўйича 118 таълим муассасаси, 40 корхона ва ташкилот ҳамда 133 маҳаллада учрашувлар -уюштирилиб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларига жамоатчилик эътибори қаратилди.

Вилоят ИИБ ташаббуси билан ташкил қилинган “Бўш вақт” тадбири доирасида интернет клублари фаолияти ўрганилди ҳамда ўқувчи-ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида турли интеллектуал ва спорт мусобақалари ташкил-лаштирилди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn