«Мўътабар оталаримиз, меҳрибон оналаримиз —  бошимиздаги тожи давлатимиз»
  • 11 Май 2017

«Мўътабар оталаримиз, меҳрибон оналаримиз —  бошимиздаги тожи давлатимиз»

“Аждодларни хотирлаш — муқаддас қадрият”. 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ана шу шиор остида, кўтаринки руҳ ҳамда юксак савияда нишонланди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу санага бағишланган қабул маросимидаги нутқи нафақат табаррук ёшли кексаларимиз, уруш ва меҳнат фахрийлари, балки барча юртдошимиз томонидан катта қизиқиш, ҳаяжон ҳамда мамнуният билан кутиб олинди. Буни уларнинг қуйидаги дил сўзлари ҳам яққол тасдиқлайди. 

 

Салим ҲАМРОЕВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси (Бухоро шаҳри):

— Ажойиб даврлар келди-да. Байрам баҳона бир гуруҳ тенгдошлар Тошкентга тезюрар поездда йўл олдик. Кўп ўтмай, манзилга ҳам етдик. Дийдор — ғанимат. Файзли дастурхон атрофидаги суҳбатдан дилимиз равшан тортди. Айниқса, Президентимизнинг ҳар биримиз билан учрашиб, ҳол-аҳвол сўраши кўнглимизни тоғдек кўтарди. Уйга қайтган заҳотим атрофимни неваралар, қўни-қўшнилар ўраб олишди. Таассуротларимни сўзлаб бердим. Гапим ниҳоясида уларга “Шундай ажойиб юртда яшаяпмиз. Тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етинглар. Ўзбекистонимизни асраб-авайланглар”, дея насиҳат қилдим.

 

Баҳром ЯМОНҚУЛОВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси (Боёвут тумани):

— Тошкент вилоятининг сўлим манзилларидан бирида ўтказилган байрам тантанасида қатнашиб, навқиронлик даврим ёдимга тушди. Кўзларимга дув-дув ёш келди. Аввало, давлатимиз раҳбарининг эъзозу эҳтиромидан! Қолаверса, ўша суронли йиллар манзаралари кинотасмасидек бир-бир кўз олдимдан ўтди. Жуда хайрли иш бўлибди! Ёшларимиз ота-боболари, аждодлари қандай машаққатли йўлларни босиб ўтгани, бугунги ёруғ кунлар учун жонини фидо қилганини билишлари керак. Тарихдан сабоқ олишлари лозим. Шундагина мустақилликнинг қадр-қимматини янада теранроқ -англайдилар. Шукроналик дегани шу, аслида.

 

Бобур МИРЗАЕВ, “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари: 

— Президентимиз Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган қабул маросимидаги нутқида “Мўътабар оталаримиз, меҳрибон оналаримиз бошимиздаги тожи давлатимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик”, дедилар. Бу сўзлар барчамизни кексаларимизни қадрлаб, умрларини имкон қадар узайтиришга ҳисса қўшишга ундайди. Шу билан бирга, тадбирда намойиш этилган саҳналаштирилган лавҳаларда уруш ҳеч кимга яхшилик олиб келмагани, ҳамманинг ҳаловатини ўғирлаганини яна бир бор кўрдик. Айниқса, атоқли шоирлардан Ҳамид Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол!”, ўафур ўуломнинг “Сен етим эмассан”, Абдулла Ориповнинг “Аёл” шеърлари, Эркин Воҳидовнинг “Нидо” достонидан парчалар ўқилганда, қалбларимиз ларзага келди. Буларнинг барчаси, албатта, биз, ёшлар учун ибрат намунасидир.

 

Икромхон НАЖМИДДИНОВ, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими бошқаруви раиси:

 — Тошкентдаги байрам тантанасига вилоятимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан ўн беш нафар вакил ҳамда уларнинг фарзандлари ва -набиралари ҳамроҳлигида бордик. Дастлаб “Ангрен — Поп” электрлаштирилган поездида Қамчиқ довонидаги қоялар, табиат манзараларига завқу шавқ ила боқаётган отахонлар дилидаги ҳайрат уларнинг юз-кўзларига кўчди. Тошкент вилоятининг хушманзара манзилида ташкил қилинган байрам тадбирида эса меҳмонларга кўрсатилган иззат-икром, унда намойиш этилган катта дастур ҳар биримизга унутилмас таассурот бағишлади. Уруш йилларидаги ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар, шунингдек, аскарларнинг хизмат шароити акс эттирилган кўргазма йиғилганлар эътиборини тортди. -Театрлаштирилган дастур аввалида аскарларни фронтга кузатиш манзараси -жонлантирилган лавҳадан фахрийларнинг кўзларида ёш қалқди. Сўнгра байрам томошалари... Президентимиз нутқи эса кўнгилларни яшартириб юборди. Ундан юраклар қувват олди, диллар фахр ҳиссига тўлди.

 

Аҳмад ЖАББОРОВ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби (Тошкент шаҳри):

— Ҳар йили Хотира ва Қадрлаш куни юртимизда кенг нишонланади. Бу қутлуғ санада бизга янада юксак иззат-эҳтиром кўрсатилиб, ўтганлар руҳи хотирланади. Мана, бу галги тадбир ҳар қачонгидан бошқача бўлди. Узоқ йиллар кўришмаган тенгқурлар, сафдошлар дийдорлашдик. Куй-қўшиқларни эшитиб, роҳатландик, ўйинга тушдик. -Давлатимиз раҳбари ҳар биримиз билан қўл бериб, қучоқ очиб сўрашди. Ҳол-аҳволимиз билан қизиқди. Шунингдек, Президентимиз ўз нутқида биз, нуронийларга кўпроқ ёшлар билан мулоқотда бўлиш, уларга жонли мисоллар ёрдамида ҳаётнинг пасту баланди ҳақида гапириб беришимиз мақсадга мувофиқ эканлигини тавсия қилди. Тадбир -ниҳоясида эса барчамиз дуога қўл очдик: “Бундай даҳшатли уруш энди ҳеч қачон қайтмасин! Мустақиллигимиз абадий, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлсин!”

«Халқ сўзи» мухбирлари ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn