Бебаҳо неъмат қадри
  • 10 Май 2017

Бебаҳо неъмат қадри

Жиззах шаҳар ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорликда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан вилоят марказида истиқомат қилаётган уруш фахрийларининг ҳар бирига 2 миллион сўмлик пул мукофотини ҳамда “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомашиналарни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга уч йил давомида бепул техник хизмат кўрсатиш ҳуқуқи белгиланган имтиёзли сертификатларни давлатимиз раҳбари номидан тантанали равишда топширишди.

— Бундай ғамхўрликдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, — дейди “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг Миришкор кўчасида яшовчи 94 ёшли Юнус бобо Турсунов. — Яратганга беҳисоб шукр, бугунгидек дориламон кунларга ҳам етиб келдик. Ҳар тонг юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги, ёшларимиз эмин-эркин ўқиётгани, ишлаётгани, ўзи танлаган соҳада катта ютуқларни қўлга киритаётганидан қувонаман. Буларнинг барчаси тинчликдан. Илоҳим, доимо шундай бўлсин!

Жиззах шаҳрида умргузаронлик қилаётган уруш фахрийлари орасида Зубаржад -Бектагирова катта ҳурмат-эътиборга эга. У суронли йилларда аёл боши билан душманга қарши мардонавор жанг қилган. Онахон айни пайтда фарзандлари, набиралари, эваралари билан бирга озод ва фаровон ҳаёт завқини сураяпти.

Зубаржад онани тақдирлаш маросими ҳам чинакам байрамга айланиб кетди. Нуронийга пул, қимматбаҳо совғалар билан бир қаторда, ногиронлик аравачаси ҳам топширилди.

Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган 61 нафар уруш ва 1 минг 571 нафар меҳнат фронти фахрийсининг барчасига худди шундай ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Толибжон ЭРГАШЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn