Эзгуликдан куч олиб яшаяпмиз
  • 10 Май 2017

Эзгуликдан куч олиб яшаяпмиз

94 ёшдаман. Тақдир экан, ёшлигим минглаб юртдошларимиз қатори жанггоҳларда ўтди. Шукрки, ҳақиқий ҳаловат, тинч-хотиржам ҳаёт кексаликда насиб этди. Давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори эса кучимизга куч, умримизга умр қўшмоқда.

6 нафар фарзандим, 32 набирам, 14 чеварам ардоғидаман. Саломатлигимдан, турмушимдан кўнглим тўқ. Буларнинг барчаси юртимиз осмони мусаффолигидан, турмушимиз фаровонлигидан, деб биламан.

Уруш йилларини эсласам, юрагим орқага тортади. Қалбимиз орзуларга тўла ўспирин эдик. Ниятларимизни уруш деган балойи азим саробга айлантирди. Жўнаётганимизда кексаларимиз: “Ой бориб, омон қайтинглар”, деб дуо қилишгани эсимда. Яратганга беадад шукрки, юртга соғ-саломат қайтиш насиб этди. Урушдан сўнг деҳқончилик билан шуғулландим.

“Яхши замон инсонни яшартиради”, дейишади. Истиқлол бизга бахтли яшаш саодатини берди, анъаналаримизни қайтарди. Биз, кексалар эндиликда меҳр-оқибатдан, эзгуликдан маънан яшариб юрибмиз. Маҳалла-кўйга бош бўлиб, невараларимизни бағримизга босиб, билганларимизни ўргатиб, йўл-йўриқ кўрсатиб, тўю ҳашарлардан қолмай келаяпмиз.

Бугуннинг ёшларига жуда ҳавасим келади. Уларнинг меҳнат қилишлари ва илм олишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Шу боис навқирон авлод билан суҳбатлашганда, “Буларнинг қадрига етинглар, яхши ўқиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшинглар”, дея панд-насиҳат қилишдан чарчамаймиз.

Илоҳим, дунёнинг барча мамлакатида юртимизда бўлгани каби эзгулик, тинчлик, меҳр-оқибат ҳукм сурсин!

Ҳасанбой РАҲИМОВ,

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.

Боғдод тумани

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn