«Тинчлигимизга кўз тегмасин»
  • 10 Май 2017

«Тинчлигимизга кўз тегмасин»

Нуроталик Жўрақул ота Калонов бу йил тўқсон олтига тўлди. Шунга қарамай, отахон ёшига нисбатан анча тетик. Кафтдеккина ҳовлисида дову дарахтларга оро бераркан, мамнун нигоҳларидан ажиб бир шукронани илғаш қийин эмас. Бинобарин, пиру бадавлат кексаларимиз сафининг кенгаяётганлиги бугунги фаровон ҳаёт, инсон қадри улуғланаётгани билан боғлиқ, десак, асло муболаға эмас. Нуронийлар нафақат оила файзи, балки миллат бойлиги, элнинг фахридир.

— Президентимиз биз, кексаларга жуда катта эҳтиром кўрсатаяпти. Бундан бениҳоя мамнунмиз, — дейди Жўрақул ота. — У кишининг шижоат билан олиб бораётган ишлари барчага ўрнак бўлаяпти. Ватанини севган, дилдан қадрлаган инсон ҳар доим ўзгалар манфаати учун курашади. Шундай шарофатли кунларга етказганига минг шукр.

“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деб қаралаётган юртимизда ўртача умр кўриш даражаси ошиб бораётгани, айниқса, диққатга молик. Бунга Навоий вилояти мисолида назар солсак, бугун кексалик гаштини сураётганларнинг 400 нафардан ортиғини 91 ёшдан 100 ёшгача бўлган отахону онахонлар, қарийб ўттиз нафарини эса юздан ошганлар ташкил этишини кузатиш мумкин. Иккинчи жаҳон урушининг олтмиш тўрт нафар иштирокчиси ушбу дориламон кунларда биз билан ҳамнафас.

— 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларининг ҳар бирига ҳамда фронт орти меҳнат фахрийлари ва мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли ташкилот ва идоралар бириктирилди, — дейди Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими бошқаруви раиси Нормурод Исоқов. — Шунингдек, ёлғиз ҳамда кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг тураржойи ва уй-хўжаликларини таъмирлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Муҳими, кексаларга меҳр-эътибор кўрсатишга қаратилган амалларда кенг жамоатчиликнинг ҳам фаоллигини кузатиш мумкин. Жумладан, таълим муассасаларида ўтказилаётган икки авлод учрашувлари ана шу жиҳатдан ёшларни яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш, тинчликнинг қадрига етиб, уни кўз қорачиғидек асрашга ундовчи ҳаёт сабоғи бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, карманалик тўқсон саккиз ёшли Пирназар бобо Турдиев тумандаги озиқ-овқат саноати ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи ҳамда 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билан учрашаркан, улардаги интилиш ва иштиёққа ҳаваси келганини таъкидлади.

— Бундай шароитларда таълим олаётган фарзандларимиз мамлакатимизни бундан-да юксалтиришга қодир мутахассислар бўлиб етишиши, шубҳасиз, — дейди отахон. — Бугунги имкониятларнинг барчаси истиқлол шарофати, тинчлик меваси. Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин. Осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!

Бу эзгу истакка барча қўшилди...

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn