Эл меҳри —  қалбга малҳам
  • 10 Май 2017

Эл меҳри —  қалбга малҳам

Гулистон туманининг Сойибобод қишлоғида истиқомат қилаётган Яҳё бобо Шарипов ҳозир 94 ёшда. Иккинчи жаҳон урушига чақирилган 1941 йилда у 18 ёшда эди. Навқирон йигит бунгача гоҳ замбилда, гоҳ елкасида шағал ташиб, йўл қурилишида қатнашган.

Дастлабки жанг манзаралариданоқ ана шу оғир, аммо тинч меҳнатни ҳар қандай неъматдан, бахтдан аъло билганлиги ҳамон ёдида. Яҳё бобо қирғинбаротда неча бор ўлим билан рўбарў келган. Душман ханжари туфайли қўлида чизилган чандиқ — ҳаёт учун курашнинг ўчмас изи. Бир оёғидан ажралган.

Шу аснода Яҳё Шарипов 1943 йилда уйига жўнатилди. У фронтдан омон қайтган илк аскар эмасми, қишлоғи остонасида тумонат одам йиғилди. Мирзачўл станцияси (ҳозирги Гулистон шаҳри)дан йўл олган арава етиб келгач, унга биринчи пешвоз чиққан киши отаси — Шариф бобо бўлди.

— Ўғлим, туша қол, уйга келдинг, — дейди ота ўғлининг ҳатто ўрнидан туришга ҳам ҳаракат қилмаётганлигини кўргач.

Шунда аскарга ҳамроҳ бўлиб келган киши:

— Ота, ўғлингизнинг ўзи тушолмайди, унга ёрдам бериш керак, бир оёғи йўқ, — дейди ерга қараганча.

Яҳё бобо ўша дамларни ҳануз кўзда ёш билан эслайди. Чунки унинг аҳволини кўрган отасининг тиз чўкиб йиғлагани, орадан шунча йил ўтса-да, кўз олдидан кетмайди.

— Урушнинг оти ўчсин, — дейди Яҳё бобо Шарипов. — Мендан аввал, яъни 1938 йили Мусожон акам армияга жўнаганди. У киши дом-дараксиз кетди. Ота-онам умрларининг охиригача акамни кутишди, умид билан яшашди. Билсангиз, ўзим акамни ҳамон кутаман. Уруш изтироби — узоқ йиллар ўтса-да — қалбда битмас-туганмас жароҳат бўлиб қолаверар экан. Шукрки, бугун тинч ва осойишта замонда яшаяпмиз. Бизга кўрсатилаётган эътиборни таърифлашга сўз ожиз. Ҳар куни кимдир байрам билан табриклагани келади. Тунов куни енгил машина учун имтиёзли сертификат топшириб кетишган бўлса, куни кеча Президентимизнинг табрикномаси ва пул мукофотини тақдим қилишди.

Суҳбатдошимиз бугун 45 набира, 110 нафар чевара, 7 нафар эваранинг суюкли бобоси эканлигини, қишлоғининг, туманнинг, бутун элу юртнинг табаррук нуронийларидан бири сифатида шоду хуррам умргузаронлик қилаётганлигини алоҳида фахр билан тилга олди.

Дарҳақиқат, элнинг эъзози, меҳри қалбга малҳам, умрга зийнат. Бундай ҳамжиҳатлик бор жойда инсон ўзини, албатта, бахтиёр ҳис этади, эртанги кунга катта ишонч билан қарайди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn