Республика босқичига йўлланма
  • 07 Май 2017

Республика босқичига йўлланма

Мамлакатимизда Президент соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус — 2017” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида қирқдан зиёд тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар қатнашди. Улар томонидан намойиш этилган импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар барчада катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир якунида ҳакамлар томонидан Нукус шаҳридаги “Кардар ишлаб чиқариш маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мурат Шимбергенов “Энг яхши тадбиркор”, Қўнғирот туманидаги “Мустақиллик” фермер хўжалиги раҳбари Қувват Утеков “Энг яхши фермер”, чимбойлик Азамат Туракеев “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида ғолиб, дея эътироф этилди. 

Жиззах вилояти босқичида 39 нафар ишбилармон томонидан мингдан зиёд турдаги саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмлари, халқ истеъмоли моллари йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди. Уларнинг барчаси замонавий ва рақобатдош. Пировардида Жиззах шаҳридаги “Бону ширинликлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Икромов “Энг яхши тадбиркор”, Шароф Рашидов туманидаги “Холмўминов Зоҳид” фермер хўжалиги раҳбари Шарофат Нориева “Энг яхши фермер”, Жиззах шаҳрилик уста Шерзод Эркинов “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида биринчиликни қўлга киритди.  

Навоий вилоятида бўлиб ўтган ҳудудий босқичда энг илғор ва ташаббускор ишбилармонларнинг сара маҳсулот ҳамда хизматларига танқидий таҳлил нуқтаи назаридан баҳо берилди. Бунда  уларнинг фаолият кўлами, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва янги иш ўринлари яратиш каби жиҳатлар алоҳида ҳисобга олинди.  

Шундан келиб чиқиб, “Энг яхши тадбиркор” йўналишида Навоий шаҳридаги “Ишонч гилам”  корхонаси директори Шавкат Холназаров, “Энг яхши фермер” йўналишида Нурота туманидаги “Азим ота” фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Самиев, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида эса карманалик Элёр Раҳматовга кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. 

«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn