Маънавий жасорат соҳиби
  • 07 Май 2017

Маънавий жасорат соҳиби

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аждодларнинг муқаддас хотирасини ёдга олиш, эзгу ишларини давом эттириш, уруш ҳамда меҳнат фахрийларига, умуман, кекса авлод вакилларига эҳтиром кўрсатиш нафақат одамийликнинг энг олий мезони, шу билан бирга, бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадрият мақомида юксак эъзоз топаётганининг ёрқин ифодасидир.

Юртимиз асрлар мундарижасида башарият тамаддуни тараққиётига муносиб ҳисса қўшган буюк олимлари, саркардалари, санъаткорлари, ижодкорлари билан дунёга машҳур. Ҳар бир давр, таъбир жоиз бўлса, заҳматкаш қаҳрамонларнинг миллат шаъни-шарафини мураккаб паллаларда ҳам мардона улуғлаган, ўз сўзини айта олган, халқи олдидаги муқаддас бурчини муносиб адо этгани билан ўлчанади.

Ана шундай инсонлардан бири академик Иброҳим Мўминов эди.

Ўзбекистон фалсафа мактабининг асосчиси, таниқли жамоат арбоби ҳамда машҳур олим -Иброҳим Мўминов 1908 йилда Шофиркон туманининг Тезгузар қишлоғида таваллуд топган. Отасидан эрта жудо бўлган Иброҳимнинг таълим-тарбиясида акалари Араббой ва Мусо -Мўминовларнинг хизмати беқиёс.

Болалигиданоқ илмга чанқоқлиги ҳамда интилувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб турган Иброҳим Мўминов дастлаб Бухоро маориф институтида таҳсил олиш мобайнида мактабда ўқитувчилик ҳам қила бошлади. 1928 йилда ўша пайтдаги Олий -педагогика академияси (ҳозирги Самарқанд давлат университети)га ўқишга кирди. Академиянинг ижтимоий-иқтисодий факультетини аъло баҳолар билан битирган ёш Иброҳимни кейинчалик шу даргоҳда ишга олиб қолишади. У меҳнат фаолиятининг дастлабки кунларидаёқ таниқли олим, шоир ва ёзувчилар Садриддин Айний, Абдурауф -Фитрат, Ҳамид Олимжон, Яҳё ўуломовдан сабоқ олиб, истеъдодини чархлади.

1956 йилда Фанлар академиясининг вице-президентлигига сайлангач, умрининг охиригача ушбу вазифада фаолият юритди. Академиянинг вице-президентлиги, ЎзФАнинг Тарих ва археология институтига раҳбарлик йилларида, Фалсафа ва ҳуқуқ институтини ташкил этиш жараёнида унинг етук ташкилотчилик қобилияти, айниқса, ёрқин намоён бўлди.

Олим XIX аср охири — XX аср бошларида ижод қилган Аҳмад Дониш, Фурқат, Завқий, Муқимий, Айний каби таниқли маърифатпарвар олим, ёзувчи ҳамда шоирларнинг фалсафий қарашларини таҳлилдан ўтказди. Чунончи, тадқиқотларидан бири Абдулқодир Бедилнинг фалсафий меросини ўрганишга бағишланган бўлиб, изланишлар натижаси 1957 йилда чоп этилган “Мирзо Бедилнинг фалсафий қарашлари” номли монографияда ифодасини топди. У мустабид тузум даврида Ўзбекистонда илк маротаба 1958 йили ўтказилган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 475 йиллигига бағишланган илмий конференция ташкилотчиси сифатида анжуман очилишида нутқ сўзлади. 1965 йилда олим Абдураҳмон Жомийнинг, 1967 йили эса Мирзо Улуғбекнинг шогирди, таниқли астроном, мутафаккир олим Али Қушчининг фалсафий қарашларига бағишланган мақолаларини нашр эттирди.

Академик Музаффар Хайруллаев Иброҳим Мўминовнинг илмий фаолиятига баҳо берар экан, олимнинг тадқиқотлари бевосита ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг маънавият тарихининг ўзига хос ва бой эканлигини исботлашга қаратилган эди, дея таъкидлайди.

Устоз Иброҳим Мўминовнинг илмий фаолиятида Амир Темур тузумини ўрганишга оид изланишлар алоҳида ўрин эгаллайди. У 1969 йилда Самарқандда ЮНЕСКО томонидан ўтказилган ҳамда темурийлар даври санъатига бағишланган халқаро симпозиумнинг ташаббускори бўлди. Олим қаламига мансуб “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” номли рисола том маънода истибдод замонида “қонхўр”, “золим”, “босқинчи” иборалари билан қора бўёқларга чапланган, аслида маърифатпарвар, тарихий давлатчилигимиз асосчиси Амир Темурнинг фаолияти адолатли талқин қилинган, аниқ далиллару мисолларга асосланган тадқиқот сифатида кўнгилларимизга таскин бағишлади, қалбимизда битмас-туганмас фахр -ҳиссиётларини уйғотди.

Асарда буюк бобокалонимизнинг бунёдкорлик фаолияти ҳам кенг ёритилиб, мамлакат ҳамда жаҳон тарихидаги улуғвор мавқеи, ўрни муфассал тасдиқлаб берилади. Айнан мана шу жиҳат Амир Темур шахсига юксак баҳо, исбот ва талқин, миллий ўзлик, тарихий ҳақиқатлар оёғости қилинган, маънавий тақиқлар ҳукм сурган замонда илмий жасорат, -инсоний мардлик намунаси эди.

Ўз замонида “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” асари халқаро миқёсда ҳам қизғин муҳокамалару эътирофларга сабаб бўлди. Масалан, Колумбия университети профессори Эдвард Оллворс (АҚШ) “Ҳозирги замон ўзбеклари. Ўн тўртинчи асрдан ҳозирги вақтга қадар маданият тарихи” номли асарида Иброҳим Мўминов соҳибқирон шахсига қайтадан баҳо бергани, унинг Ўрта Осиё ҳамда Европа тарихидаги, мамлакатнинг иқтисодий тараққиётидаги, фан, маданият ҳомийси, саркарда сифатидаги ролини исботлай олганлигини алоҳида қайд этгани эътиборга молик.

Албатта, эзгулик унутилмайди. Шукрки, ўз тақдирини, ҳаётини халқимиз тарихини, маданиятини, шаъну шарафини таҳликали даврларда ҳимоя қилишга бағишлаган, бугунги озод ва обод кунларимизга умид кўзи билан боққан узоқ-яқин аждодларимиз хотираси улкан қадр-қимматини топмоқда. Академик Иброҳим Мўминовнинг илмий жасорати, асарлари, жўшқин фаолияти истиқлол йилларида асл ҳурматига етишди. Хусусан, у 2003 йилда -Биринчи Президентимиз Фармонига биноан, “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Қадр — муқаддас, хотира — абадий. Бинобарин, порлоқ келажак сари дадил интилаётган ёшларимиз учун аждодлар ибрати, салоҳияти, илмий мероси ҳамиша ғурур, руҳий куч-қувват манбаи бўлиб қолаверади.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn