Ибрат мактаби
  • 07 Май 2017

Ибрат мактаби

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори беқиёс ибратга, ёшларимиз учун улкан тарбиявий аҳамиятга эга. Зеро, инсон қадри — улуғ, хотираси боқийдир. Инсон болалик дамларидаги лаҳзаларни бир умр унутмайди. Энг қадрдон ва яқин кишилардан доим порлоқ хотира қолади.

Ушбу ҳужжатга кўра, бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган турли тадбирлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини эъзозлаш, ўтганларни хотирлашдек эзгу амаллар билан ташкил этилаётгани қувонарлидир. Шундай лаҳзаларда биз ҳам оиламиз билан уруш қатнашчиси бўлган отамиз Жаббор Сатторовни бот-бот эслаяпмиз. У киши 1918 йил 23 февралда Қарши шаҳрида таваллуд топган. Ўша пайтда Қарши давлат педагогика билим юртини битириб, 1940 йилда ҳарбий хизматга чақирилади. Хизмати тугаши арафасида эса манфур уруш бошлангач, фронтга отланган отам фашизм устидан ғалаба қозонилгунча ўт-оловлар ичида юрди. Шундай кунларнинг бирида у жароҳат олади ва госпиталга тушади. Бу ердагиларнинг фикри-зикри тезроқ соғайиб, қуролдош дўстлари сафига қайтиш эди. Отам ҳам тез орада тузалиб, яна жанггоҳга йўл олади.

60 миллиондан ортиқ одамни ҳаётдан бевақт олиб кетган, қанчадан-қанча вайронгарчиликлар келтирган, инсоният тарихидаги энг мудҳиш воқеа — Иккинчи жаҳон уруши бошланганда отам навқирон ёшда бўлган. Ўсмирликнинг ширин дамларини урушнинг шум ўйинларига алмашишга мажбур бўлди. Юзлаб қишлоқ ва шаҳарларни босқинчилардан озод этишда қатнашди. 

1945 йили урушда кўрсатган жасорати боис кўкси орден ва медалларга тўлиб, она-юрти — Ўзбекистонга қайтиб келди.

Урушдан кейинги йилларда халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлаб, эъзоз топди.

Отам бизни ўқитди, тарбиялади. У чин маслакдош ва яқин дўст сифатида бизни ниҳоятда авайларди. Эзгу амаллари билан ҳамиша ҳамқишлоқларига ибрат бўлиб келди. “Аввало, тинчлик, саломатликнинг қадрига етган киши бахтлиларнинг бахтиёри бўлади”, деган гапни кўп айтардилар отам. Ўзи ҳам шуларга амал қилиб, бир умр одамларни эзгулик сари етаклади, кўркам боғлар барпо этди. Шу боис бугун отамни маҳалладошлари ҳам ибратли умр соҳиби сифатида ёдга олишади.

Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш, ўтганларни ёд этиш — фарзандлик бурчимиз. Ватанни, мардликни, жасоратни улуғлаганлар хотираси эса ҳамиша барҳаётдир.

Раъно САТТОРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn