Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига янги хонадон калити топширилди
  • 07 Май 2017

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига янги хонадон калити топширилди

Инсон ҳар қандай оғир вазиятда ҳам умид билан яшайди. Сирдарёлик Холқўзи Тошқўзиев қирғинбарот уруш йилларида бугунги фаровон ва тинч-осойишта ҳаётни кўришни қанчалик орзу қилганини кўзда ёш билан эслайди.

— 1943 йилнинг 15 январида фронтга йўл олиб, етти ярим йилдан сўнг уйга қайтдим, — дейди Холқўзи бобо. — Аммо хурсанд келиб, нохуш хабардан қалбим қайғуга ботди. Негаки, ҳарбий хизматда бўлган чоғимда онам мени зор-зор кутиб, бандаликни бажо -келтирибди. Оилада уч қиз ва мен ёлғиз ўғил эдим. Волидам бечора “Фарзандим соғ-омон келса, уйлантирсак, набираларимни бағримга боссам, қани эди”, дея армон билан ўтиб кетибди. Отам эса Мукаррама момонгиз билан тўйимиз бўлган куннинг эртасига, тонгда вафот этди. Урушда бўлинма командири эдим. Ўшанда “Мана, қўл остимда ўн нафар аскар бор. Уларнинг барчаси буйруқларимни сўзсиз бажаришини кўриб, урушдан сўнг оила қурсам, фарзандларим кўп бўлса, уларни ҳам мана шундай бошқара олармиканман?” деб хаёл қилардим. Қарангки, ниятим ижобат бўлиб, ўн фарзандли бўлдим. Энг катта орзуим эса тинчлик ва осойишталикда яшаш эди. Қолаверса, уруш туфайли мактабда чала қолган ўқишимни давом эттирсам, дердим.

Холқўзи бобо урушдан кейин, 27 ёшида мактаб ўқувчиси бўлганини айтганда, набиралари, чеваралари таажжубланади. Қизиғи, ўша пайтда бўлажак турмуш ўртоғи шу мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси бўлган экан. 

Отахон мактабдан сўнг ўрта махсус ўқув юртини кутубхоначилик ихтисослиги бўйича битириб, ўттиз йил қишлоқ кутубхонасида ишлади. Умр йўлдоши билан бирга фарзандларининг ҳаммасини элу юртга нафи тегадиган фидойи инсонлар қилиб тарбиялади.

— Бугун қалбимдаги бахтиёрлик шукуҳини сўз билан ифодалай олмайман, — дейди Холқўзи бобо Тошқўзиев. — Тўқсон иккинчи баҳорни қаршилаётган бўлсам-да, юксак эътибор, ҳурмат-эҳтиромдан яшариб кетгандекман. Кунда-кунора бир хурсандчилик. Тунов куни чеварам, еттинчи синф ўқувчиси Муштарий менга аталган шеърини ўқиб бериб, қалбимни қувончга тўлдирган бўлса, кеча тонгда вилоят раҳбарларининг Гулистон шаҳрининг қоқ марказидаги хонадон калитини топшириши ҳаётимдаги яна бир унутилмас воқеа бўлди. Билсангиз, урушда, оғир шароитларда кунларни тунларга, тунларни кунларга улаб ўтказган дамларимизда мана шундай шинам уйларда яшаш, ҳатто бир бора тўйиб ухлашга етишиш ҳам энг катта орзуларимиздан бири эди.

Уруш қатнашчиси Холқўзи Тошқўзиевга Президентимизнинг табрикномаси ва бир марталик пул мукофоти ҳамда Гулистон шаҳрининг Мустақиллик кўчасидаги кўп қаватли уйдан ажратилган икки хонали хонадон калитини Сирдарё вилояти ҳокими ў. Мирзаев тантанали равишда топширди.

9 май — Хотира ва Қадрлаш кунини вилоятда яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг барчаси давлатимиз ҳамда халқимиз томонидан кўрсатилаётган чексиз иззат-икром оғушида, шоду хуррамлик билан қарши олмоқдалар.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Муаллиф олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn