Ташаббус ва муваффақиятлар эътирофи
  • 06 Май 2017

Ташаббус ва муваффақиятлар эътирофи

Юртимизда тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган юксак эътибор, яратилган қулай шарт-шароитлар самараси Президент соврини учун ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови иштирокчилари йил сайин кўпайиб, улар ишлаб чиқараётган маҳсулот турлари тобора кенгайиб бораётганида яққол намоён бўлмоқда.

Мазкур танловнинг Сирдарё вилояти босқичи бунинг исботидир. Гап шундаки, биргина жорий йилда унинг туман ва шаҳар босқичларида 592 нафар ишбилармон -қатнашиб, ўз маҳсулотларини намойиш қилиш баробарида, янги ҳамкорлар топиш ва тажриба алмашишга эришдилар.

Танлов ниҳоясида Сайхунобод туманидаги “Гўзал” хусусий корхонаси раҳбари Сайёра Асатиллаева “Энг яхши тадбиркор”, Боёвут туманидаги “Довурбек Йигиталиевич” фермер хўжалиги раҳбари Йигитали Жалилов “Энг яхши фермер”, Гулистон туманилик Ўктам Шодмонқулов “Энг яхши ҳунарманд” номинациялари бўйича ғолиб, деб топилди.

Фарғона вилоятида  ўтказилган кўрик-танловда туман ва шаҳар босқичларида пешқадам бўлган 55 нафар тадбиркор, фермер ҳамда ҳунарманд иштирок этди. 

Таъкидландики, бугунги  кунда ҳудудда 19 мингта кичик бизнес субъекти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 64,3, бандликдаги ҳиссаси эса 81 фоизни ташкил қилмоқда. Бу вилоятда мазкур соҳа жадал ривожланаётганидан далолатдир.

Танлов якунида Марғилон шаҳридаги “Муҳаммад салом омина” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдураҳмон Йўлдошев “Энг яхши тадбиркор”, Риштон туманидаги “Ихтиёр СМИК” фермер хўжалиги раҳбари Мўътабар Аҳмедова “Энг яхши фермер”, риштонлик кулол Шоҳруҳ Бозорбоев “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида -биринчиликни қўлга киритдилар. 

Тадбирда Фарғона  вилояти ҳокими Ш. ўаниев сўзга чиқди. 

Айтиш керакки, иқтисодиётнинг реал сектори ва хизмат кўрсатиш соҳасида самарадорликка эришиш, иқтидорли ҳамда юксак салоҳиятли тадбиркорларни кашф этишда мазкур танловнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бунга унинг Наманган вилояти босқичига келган ҳар бир киши яна бир карра гувоҳ бўлди. Унда 35 нафар ўз ишининг устаси қатнашди. Иштирокчиларга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси, фаолият натижалари ва бошқа муҳим шартлар бўйича баҳо берилди. Пировардида Наманган туманидаги “Element paint” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акмал Аҳмаджонов “Энг яхши тадбиркор”, вилоят марказида истиқомат қилувчи Обиджон Жамолов “Энг яхши ҳунарманд”, Наманган туманидаги “Мусаффо иқлим транс” фермер хўжалиги бошлиғи Комилжон Юсупов “Энг яхши фермер” номинацияси бўйича ғолиб сифатида эътироф этилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ ва 

Муқимжон ҚОДИРОВ (ЎзА) олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn