Хонадонимиз файзи, ҳаётимиз кўрки
  • 05 Май 2017

Хонадонимиз файзи, ҳаётимиз кўрки

Ўтганларни хотирлаб, эзгу ишларини ёдга олиш, бу ёруғ дунёда умргузаронлик қилиб, кексалик гаштини сураётган, хонадонларимизнинг файзи ҳамда фариштаси бўлган фахрийларимизни ардоқлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос қадриятлардан саналади. Ушбу олижаноб фазилатлар мустақиллик йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, мамлакатимизда 9 майнинг Хотира ва Қадрлаш куни сифатида -нишонланиши эъзоз ҳамда эҳтиром тушунчалари юксак қадриятга айланганининг ёрқин ифодасидир.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 120 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшайди. Уларга доимий тиббий ва моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. 

Байрам муносабати билан бир қатор ташкилотлар вакиллари фронт ҳамда фронт орти қатнашчиларининг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олишмоқда.

Қарши шаҳрининг Комилон маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши -иштирокчиси, айни пайтда 92 ёшни қарши олаётган Аҳмад бобо Жалилов ҳам белгиланган рағбату имтиёзлардан фойдаланиб, юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллардан бирини -навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзи белгиланган сертификатга эга бўлди. 

— Биз, фахрийларга кўрсатилаётган доимий ҳурмат ва эътибордан беҳад миннатдормиз, — дейди отахон. — Шундай гўзал давру давронларга етказганига шукр. Уруш уқубатларини эслаш биз учун жуда оғир. Бугунги фаровон  ҳаёт, файзли дастурхон, юртдаги тинчликка кўз тегмасин. Мен набираларимга: “Азиз ўғил-қизларим, сизлар шундай ажойиб замонда яшаяпсиз, ўтаётган ҳар бир куннинг қадрига етинг, куч ва билимингизни юрт равнақи, унинг тинчлиги учун сарфланг”, дейман. Янги машинада энди невара-чеваралар билан дам олишга чиқамиз. Ўз машинанг бўлганига нима етсин?! Вилоят ҳокими хонадонимизга келиб, Президентимизнинг табригини етказди. Биз, фахрийларни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эътибордан бошимиз кўкка етди.  

Аҳмад бобо Жалилов урушдан кейин алоқа соҳасида самарали меҳнат қилди. Бугунги кунда маҳаллада, таълим муассасаларида ёшларга тинчликнинг улуғ неъмат экани, фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш зарурлиги ҳақида ўгит ҳамда -маслаҳатлар беришдан чарчамайди. Унинг кўксини безаб турган кўплаб орден ва медаллар ёшлар учун ҳақиқий ибрат намунасидир.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn