Фидойилик, фахр ва ғурур тимсоллари
  • 05 Май 2017

Фидойилик, фахр ва ғурур тимсоллари

5 май — “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва “Олтин юлдуз” медали, “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари ҳамда “Жасорат”, “Шуҳрат” медаллари таъсис этилган кун.

Бугун юртимизда ҳар бир соҳада жадал олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланаётган асосий мақсад халқимиз фаровонлигини ошириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, иқтисодиётимизни янада мустаҳкамлаш, қисқача айтганда, улкан эзгу мақсадларга қаратилгандир. Бу жараёнда ҳар бир юртдошимиздан фидойилик, ватанпарварлик, астойдил меҳнат қилиш талаб этилади. Ўз навбатида, сидқидилдан қилинган меҳнат асло зое кетмайди. 

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан бир қатор давлат мукофотлари жорий этилгани улкан тарихий воқеа бўлди. Ўзбекистон Республикаси парламентининг 1994 йил 5-6 май кунлари бўлиб ўтган сессиясида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва олий нишон — “Олтин юлдуз” медали,  “Мустақиллик”, “Дўстлик” орденлари ҳамда “Жасорат”, “Шуҳрат” медалларини таъсис этиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди.

“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони олий даражадаги мукофот бўлиб, мамлакатимиз фуқароларига давлат ва халқ олдидаги қаҳрамонона жасорат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлари учун берилади. Айрим ҳолларда бу унвон юртимиз фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам берилиши мумкин. “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган шахсга “Олтин юлдуз” медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат тантанали вазиятда топширилади.

Ўтган йиллар давомида кўплаб юртдошларимиз мазкур олий мукофот билан тақдирлангани республикамизда инсон меҳнатини муносиб рағбатлантириш, қадр-қимматини юксалтиришга қаратилаётган улкан ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. 

Ота-боболаримизнинг асрий орзу-умидлари — истиқлолимиз халқимизнинг улкан тарихий ютуғидир. Шу боис давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири “Мустақиллик” номи билан аталишида катта рамзий маъно бор.  

Мазкур орден билан мустақил ҳуқуқий давлат барпо этиш ва уни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда тинчлик ҳамда тараққиётни таъминлашга улкан ҳисса қўшган ҳамюртларимиз, шунингдек, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар тақдирланади.

Юртимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг тили, урф-одатлари ҳамда анъаналари ҳурмат қилиниши, ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар, зарур шарт-шароитлар яратилган. Миллатлараро тотувлик, дўстлик мамлакатимиздаги барқарорлик ҳамда тараққиётнинг муҳим омилидир.

“Дўстлик” ордени Ўзбекистондаги барча миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашда катта ютуқларга эришган, халқимизнинг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган фуқароларни мукофотлаш мақсадида таъсис этилган. Қонунда мазкур орден билан республикамиз фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгиланган.

Ватанимизнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида, диёримизда истиқомат қилаётган барча миллат ҳамда элатлар ўртасидаги дўстлик, тотувликни мустаҳкамлашда Нукус шаҳри аҳлининг ҳам хизматлари катта. 2003 йилда Биринчи Президентимизнинг Фармонига мувофиқ, Нукус шаҳри “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.   

Мамлакатимиз тинчлиги эзгу орзу-ниятларимиз рўёбининг муҳим кафолатидир. Шу маънода, она-юртимиз осойишталигини, халқимизнинг хотиржам ҳаётини таъминлаш миллий армиямиз ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари зиммасига катта масъулият юклайди. Бу йўлда мардлик ва жасорат кўрсатган инсонларнинг хизматлари ҳам муносиб эътироф этилаяпти. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашда, ҳарбий ёки хизмат бурчини адо этиш вақтида кўрсатган мардлик ҳамда жасорати учун кўплаб юртдошларимиз “Жасорат” медали билан тақдирлангани бунинг ёрқин ифодасидир.

“Шуҳрат” медали билан мамлакатимиз иқтисодиёти, фани ва маданиятини ривожлантиришга, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга ўзининг ҳалол меҳнати билан катта ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз тақдирланади.

Қувонарли томони шундаки, бугун миллий давлат мукофотларимиз Истиқлолнинг қадрига етиб, ўз меҳнати, ташаббускорлиги билан фаровон ҳаётимиз барқарорлигини таъминлашга муносиб улуш қўшаётган юртдошларимиз учун юксак ва олий шараф бўлиб қадрланмоқда, жуда азиз ва табаррук моҳият касб этмоқда.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn