Юксак ҳуқуқий маданият
  • 05 Май 2017

Юксак ҳуқуқий маданият

коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришнинг муҳим шартидир

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиётда инсон омили устунлигини таъминлаш, барча соҳада одамлар дуч келиши мумкин бўлган турли бюрократик тўсиқ ва ғовларнинг, сансалорлик ҳолатларининг олдини олиш саъй-ҳаракатлари қамрови кенгаймоқда. Бу эса давлат идоралари ҳамда халқ ўртасида очиқ, шаффоф муносабатлар қарор топишида, фуқароларнинг ижтимоий адолатга бўлган ишонч туйғуси мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутаётир.

Шу билан бирга, “Адолат — қонун устуворлигида” тамойили асосида жамиятда қонунларга ҳурмат ҳиссини, қонунбузилишларга нисбатан  муросасиз ёндашувни кучайтириш ўзининг долзарб аҳамиятини йўқотгани йўқ. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарур. Мазкур чоралар самарадорлиги аҳоли кенг қатламининг ҳуқуқий маданияти ва кўникмаларига узвий боғлиқ, албатта.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ўтказилган анжуман ана шу мавзуга бағишланди. Иштирокчилар республикамизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида тегишли ташкилий-ҳуқуқий база яратилганини, жорий йил 4 январдан кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун бу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини кучайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этдилар. Айтиб ўтилганидек, мазкур Қонун ижро механизмини такомиллаштириш мақсадида Президентимиз қарори доирасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Республика идоралараро комиссияси тузилди. 

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳисобланади. Ушбу вазифани бажаришда демократик институтлар — оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотларининг роли ва таъсири каттадир. Айниқса, барча жабҳадаги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида жамоатчилик фаоллиги ҳамда назоратини ОАВ иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.   

Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига чуқур етказиш, бунда ОАВ олдида турган вазифалар, ушбу мавзуда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича -журналистларнинг билим ва касбий маҳоратини юксалтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Анжуман якунида парламент ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиявий кўмагида амалга оширилган “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг бажарилиши устидан кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг роли” лойиҳаси иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn