Аҳоли мурожаатлари: таҳлил ва ечим
  • 04 Май 2017

Аҳоли мурожаатлари: таҳлил ва ечим

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқотлари бўлиб ўтмоқда. Парламент ҳамда депутатлик назоратининг мазкур таъсирчан механизми инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратишда ўзининг самарали натижасини кўрсатаётир.

Чунончи, депутат ҳамда сенаторларнинг Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани аҳолиси билан учрашувида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш масалалари диққат-эътиборда бўлди.

Ишчи гуруҳи аъзолари туман маркази ва қишлоқлардаги 850 дан зиёд хонадонларга кириб, уларнинг яшаш шароити, қувонч ва ташвишлари билан яқиндан танишди. Очиқ мулоқот пайтида 500 га яқин муаммоли масалалар ўртага ташланди. Уларнинг аксарияти уй-жой, коммунал, тиббий хизмат кўрсатиш, таълим, бандлик, инфратузилма ҳамда тадбиркорлик борасидаги вазифалар билан боғлиқ бўлиб, 101 масала жойида ҳал этилди.

Аҳоли билан очиқ мулоқотлар самарасидан кўпчилик миннатдор. Жумладан, “Хадикент” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Улфатой Ўсканованинг мурожаатига ўша куниёқ амалий жавоб қайтарилди. Унинг келини — олий маълумотли ўқитувчи Назира Ашурова анчадан буён ишга жойлашиш масаласида қийналиб юрган экан. Энди у тумандаги иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида ўз мутахассислиги бўйича ишлайдиган бўлди. Юқори қораянтоқлик Боймирза Ўрмоновнинг муаммоси ҳам ижобий ечим топиб, у ҳудуддаги ғишт ишлаб чиқариш корхонаси жамоаси сафидан ўрин олди.

Дастлабки кунлардаги ўрганишлар таҳлили фуқаролар томонидан ўртага ташланаётган муаммоларнинг аксарияти мурожаат эгаларининг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги, шунингдек, айрим мутасаддиларнинг ўзига топширилган вазифани тўла-тўкис бажармаётгани оқибатида юзага келаётганини кўрсатди. Масалан, Наврўзобод қишлоғида яшовчи Шожалил Холмирзаевнинг ўғли истиқомат қилаётган тураржойни давлат кадастридан ўтказиш масаласига парламент аъзоларининг аралашишига тўғри келди. -“Заркент” деҳқон бозорида сотувчи ҳамда харидорлар учун шароит яратиш масаласига ечим топиш учун туман ҳокимиятига депутат сўрови киритилди. Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш истагидаги фуқароларга молиявий кўмак беришни тумандаги тижорат банклари раҳбарлари зиммасига қатъий этиб қўйиш билан долзарб масала ҳал қилиб берилди. Шунингдек, Нов маҳалласида яшовчи фуқаро Дилдора Тиллабоеванинг ҳудуддаги фаолияти тўхтатиб қўйилган мактабгача таълим муассасаси ишини тиклаш бўйича мурожаати тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Парламент аъзолари томонидан халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият муассасалари фаолияти билан танишиш чоғида аниқланган қатор камчилик ҳамда муаммолар халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида батафсил муҳокама қилинади. Бунда асосий вазифаларни ҳудудий дастурга киритиш, депутат сўрови имкониятларидан фойдаланиб, ниҳоясига етказиш кўзда тутилган.

Депутат ва сенаторларнинг аҳоли билан навбатдаги мулоқоти Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида ўтказилаётгани бежиз эмас.

Вилоят марказига энг яқин бўлган ушбу туман воҳанинг саноат индустрияси ҳамда қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудларидан саналади. Туманда ҳозирги вақтда 51 маҳаллага бирлашган 231 минг 732 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. 43 минг 700 дан ошиқ хонадонда умргузаронлик қилаётган қаршиликлар бугунги кунда вилоят иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Парламент вакилларининг аҳоли турмуш тарзи ва муаммолари билан танишиш мақсадида амалга ошираётган бундай учрашув ва очиқ мулоқотлари жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш ҳамда масалалар ечимини биргаликда ҳал этиш, қонун ижодкорлиги ва уларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда халқнинг фикрини инобатга олиш, қабул қилинаётган қонунлар ҳамда улардаги ўзгаришларда аҳоли хоҳиш-иродаси -ифодаланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўткир Бўтаевнинг маълум қилишича, депутатлар тумандаги 

15 та қишлоқ фуқаролар йиғини ва битта шаҳар маҳалласига бўлинган ҳолда учрашувлар ўтказмоқда. Уларнинг хонадонма-хонадон юриб, қишлоқлардаги одамлар билан учрашувининг ташкил этилаётгани тумандаги ижтимоий масалалар, таълим, тиббиёт тизимлари, коммунал ҳамда иқтисодий соҳалардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш имконини бермоқда. Гувоҳи бўлинганидек, ҳозирги вақтда таълим соҳасида жуда кўп муаммолар бор. Мисол учун, мактаблар таъмирталаб аҳволда. Тиббиёт соҳасида ҳам мавжуд камчиликлар ўрганилмоқда. Умуман, қишлоқ жойларда аҳоли ичига кириб бориш халқ билан мулоқотнинг самарали ўтишини таъминлайди.

Айни пайтда қишлоқлар, хонадонларда одамлар билан суҳбатлар чоғида тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам фаол жалб этилаётир. Бу, ўз навбатида, ҳудуддаги муаммолар ечимини жойида ҳал қилишга катта туртки бераяпти.

Парламент аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn