Энг муносиблар республика босқичида иштирок этади
  • 04 Май 2017

Энг муносиблар республика босқичида иштирок этади

“Ташаббус — 2017” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари қизғин давом этмоқда. Иштирокчилар томонидан намойиш қилинаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар барчада катта қизиқиш уйғотаяпти. Бу мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлар, фермерлар ҳамда ҳунармандларнинг эркин фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар самараси, албатта.

Кўрик-танловнинг Бухоро вилояти босқичи бунга мисол бўла олади. У иштирокчилар учун тажриба алмашиш, ўрганиш, ҳамкорлар топиш нуқтаи назаридан жуда фойдали кечди.

Якунда “Бухоро бриллиант силк” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Жўраев “Энг яхши тадбиркор”, Бухоро шаҳрилик Аҳмад Арабов “Энг яхши ҳунарманд”, Жондор туманидаги “Бўстон Назар” фермер хўжалиги бошлиғи Назар Ҳожиев “Энг яхши фермер” номинацияси ғолиби, деб эълон қилинди.

Қашқадарё вилояти босқичида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти вакилларидан 41 нафари иштирок этди. Ҳакамлар томонидан Шаҳрисабз туманидаги “Эко парранда” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳиддин Умидов “Энг яхши тадбиркор”, Китоб туманидаги “Viget-impeks” фермер хўжалиги раҳбари Усмон Тошев “Энг яхши фермер”, шаҳрисабзлик Азиз Аҳмедов “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари бўйича биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Хоразм вилояти босқичида шаҳар ҳамда туман босқичларида ғолиб чиққан 32 нафар тадбиркор, ҳунарманд ва фермер энг сара маҳсулотларини намойиш қилди.

Якунда “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича биринчи ўрин хивалик уста Мадрим Маткаримовга насиб этган бўлса, Хонқа туманидаги “Feed Gran” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рўзибой Бекметов “Энг яхши тадбиркор”, Янгибозор туманидаги “Достонбек” фермер хўжалиги раҳбари Аманжон Холмуратова “Энг яхши фермер” йўналишлари бўйича муваффақият қозонди.

Сурхондарё вилояти босқичида эса ишлаб чиқаришда салмоқли ютуқларга эришаётган, инвестицияларни жалб қилиш эвазига ички ҳамда ташқи бозорларга сифатли маҳсулотлар етказиб бераётган, янги иш ўринлари ташкил этаётган 40 дан зиёд тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар ҳакамлар кўригидан ўтди.

— Юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароит ҳамда берилаётган имкониятлар бизни янада кўпроқ изланишга ундамоқда, — деди мазкур босқичнинг “Энг яхши тадбиркор” номинацияси ғолиби, “Сурхон Термиз чинни” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Неъматуллаев. — Хорижникидан қолишмайдиган 30 турдан зиёд буюмлар ишлаб чиқарилаётган корхонамизда меҳнат қилаётган 150 нафар ишчи-ходимнинг тенг ярми ёшлардан иборатдир.

Тадбирда, шунингдек, “Энг яхши фермер” йўналиши бўйича Олтинсой туманидаги “Ботош паҳлавони” фермер хўжалиги раҳбари Соатмурод ўаппоров, “Энг яхши ҳунарманд” номинациясида эса Жарқўрғон туманилик якка тартибдаги тадбиркор Дмитрий Инюшин биринчи ўринга лойиқ топилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари

материаллари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn