Таъсис конференциялари: Фидойилик, ташаббускорлик ва  юрт равнақига дахлдорлик туйғуси
Версия для печати
  • 04 Май 2017

Таъсис конференциялари: Фидойилик, ташаббускорлик ва  юрт равнақига дахлдорлик туйғуси

Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашини тузиш назарда тутилган.

Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида республикамизнинг туман ва шаҳарларида туман (шаҳар) кенгашлари таъсис конференциялари ўтказилди. Айни чоғда мазкур тузилмаларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри даражасида таъсис этиш бўйича конференциялар бўлиб ўтмоқда.

Нукус шаҳрида ташкил қилинган ана шундай тадбирда туман ва шаҳар кенгашидан сайланган делегатлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

— Йиғилишда 6 та муҳим масала кўриб чиқилди, — дейди Элликқалъа туманидаги “Сахтиён” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Камолиддин Шарипов. — Хусусан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши тузилиб, аъзолари тасдиқланди, кенгашнинг намунавий низоми лойиҳаси муҳокама қилинди ҳамда тафтиш комиссияси раиси ва аъзолари сайланди. Тизимдаги айрим муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни кенг ривожлантириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва томорқа маданиятини юксалтириш ана шулар жумласидандир.

Тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси этиб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов тасдиқланди.

Қибрайдаги Дўрмон маданият уйида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти кенгаши таъсис конференцияси ҳам юқори савияда ўтди.

— Кенгаш раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилгани эътиборлидир, — дейди Ўрта Чирчиқ туманидаги Муқимий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси, делегат Жўра Аҳмадқулов. — Бу фарзандларимизни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларни маънан бой, жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шуни теран ҳис қилган ҳолда, кенгаш раиси ўринбосари лавозимларига дунёқараши кенг ҳамда ташаббускор инсонларни танлаб олдик.

Тошкент вилояти ҳокими Шукрулло Бобоев Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раиси этиб тасдиқланди.

Бўлиб ўтган тадбирларда Республика кенгаши таъсис конференциясига делегатлар кўрсатилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn