Одамлар ишончини оқлаш, ишга муносабатни ўзгартириш
  • 04 Май 2017

Одамлар ишончини оқлаш, ишга муносабатни ўзгартириш

ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий омилига айланмоқда

Аҳолининг тинч ва фаровон турмуш кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, бошқа ҳаётий муҳим вазифаларни рўёбга чиқаришда ички ишлар органлари алоҳида ўрин эгаллайди. Бироқ шиддат билан ўзгариб бораётган давр соҳада ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар мавжудлигини кўрсатди. Бу халқимизнинг ҳақли эътироз ҳамда норозилигига сабаб бўлаётган эди. 

Мамлакатимизни яқин беш йилда тараққий топтиришнинг Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастурида ички ишлар органларига қонун билан юклатилган вазифа ҳамда ваколатларнинг амалиётда самарали бажарилаётгани, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамоат хавфсизлиги таъминланаётганини таҳлил қилиш, Ички ишлар вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари, шу жумладан, таянч пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилангани бу борадаги ишларни янада кучайтириш, халқимизнинг ички ишлар идораларига ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлди. Халқаро пресс-клубнинг кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ушбу вазифалар ижроси, аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари журналистлар билан очиқ мулоқот ўтказди. 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Абдусалом Азизовнинг маълум қилишича, Президентимизнинг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тизимда сифат жиҳатидан мутлақо янги босқични бошлаб берди. Мазкур Фармонда шу пайтгача айтилмаган, кўрсатилмаган камчиликлар 10 та йўналишда халққа очиқ-ойдин кўрсатиб берилди. Буларнинг барчаси ички ишлар органларининг келажакдаги фаолиятини яхшилаш, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини қоғозда эмас, амалда таъминлаш вазифасини қўймоқда. Ушбу муаммолар, аввало, ички ишлар органларининг очиқ бўлмагани, халқ билан мулоқотда, айниқса, фуқаролар ариза ва мурожаатларини кўриб чиқишдаги сансалорлик ва эътиборсизлик ҳолатлари, тергов-суриштирув ишларини олиб боришда, айрим ҳолларда, қонунбузилишга йўл қўйилганида намоён бўлди. Ходимларнинг муомала маданияти, ҳуқуқий савияси пастлиги ҳам одамларнинг ҳақли равишда норозилигига сабаб бўлаётган эди. Фармон билан кўзда тутилган чора-тадбирлар эса ички ишлар органлари фаолиятини бутунлай ўзгартириб, жамиятда очиқлик ва ошкораликни кенгайтириш, ҳуқуқбузарликни барвақт профилактика қилиш, тизим ходимларининг масъулиятини ошириш, пировардида эса аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.  

 

Барқарорлик ва тинчлик ороли

Ички ишлар вазири тизим ходимлари жамият ҳаётида муҳим ўрин тутишини айтиб ўтди. Унинг қайд этишича, ички ишлар органлари ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли чорак аср давомида юртимизда осойишталик, барқарорлик ҳукмрон. Бундай муҳит эса мамлакатимизнинг янада равнақ топишига хизмат қилаяпти. “Юксак суръатлар билан ривожланаётган юртимизни бежиз “Марказий Осиёнинг барқарорлик ва тинчлик ороли”, деб аташмайди”, деди вазир.

Президентимизнинг тизимни ислоҳ қилиш бўйича қабул қилган Фармон ва қарорлари ички ишлар органлари хизматини халққа, аҳолига яқин қилишга қаратилган. Энг муҳими, уларда белгиланган вазифалар тизим учун “Халққа хизмат қилиш” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий шиорга айлантиради.

Бугунги кунда дунёда кечаётган глобаллашув жараёни, айниқса, диний экстремизм, терроризм сингари турли таҳдидлар ҳар бир юртдошимизни ташвишга солмасдан қўймайди. Мулоқотда шу ҳақда сўз бориб, Ўзбекистон турли таҳдидлар, жумладан, -терроризм ва диний экстремизмга, умуман, ҳар қандай тажовузга қарши курашишда етарли кучга, салоҳиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

 

Ҳуқуқбузарликлар олдини олиш йўлида

Мулоқотда жиноятчиликка, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш эмас, балки уларнинг олдини олишга эътиборни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилди. Бу масала Президентимизнинг яқинда қабул қилинган Фармон ва қарорида ҳам белгиланган. Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи -Дилшод Акрамовнинг билдиришича, бугун профилактика инспекторларининг ўзи хизмат қилаётган маҳалла ҳудудида туну кун фаолият юритиши, одамлар исталган пайтда мавжуд муаммолар юзасидан уларга мурожаат қилишлари учун имкониятлар яратилмоқда.

Айни пайтда жамоатчилик билан ҳамкорлик ҳам диққат-эътибордаги масаладир. Зеро, давлатимиз раҳбари профилактика инспекторлари аҳолининг ташвишларидан хабардор эмаслиги профилактика ишларида жиддий камчиликларни юзага келтираётганини қайд этган эди. Бунга уларнинг аҳоли билан мунтазам учрашувлар ўтказмаётганлиги ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилмаётганлиги сабаб бўлаётгани танқид қилинганди. Бугунги кунда жойларда профилактика инспекторларининг аҳолига ҳисобот бериш тизими жорий этилди. Улар ўзларига бириктирилган хизмат ҳудудларида жиноятчилик, унинг юзага келиш омиллари ва уларни бартараф этиш бўйича фуқаролар йиғинларига ҳисобот беришаяпти. 

 

Малакали кадрлар — муваффақиятлар гарови

Ҳар бир Қонун, Фармон ва қарор ижроси билан кучли. Соҳани ислоҳ этиш, ушбу йўналишда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини сўзсиз таъминлашда ички ишлар органларининг кадрлар салоҳияти долзарб аҳамиятга эга. Ўз навбатида, А. Азизов аҳоли кутаётган жуда катта ўзгаришларни эски дунёқарашдаги кадрлар билан амалга ошириб бўлмаслигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, фаолияти тубдан янгиланаётган хизматлар бошқармаларини ёш, ўз устида тинимсиз ишлайдиган, ахборот-коммуникация технологияларини чуқур тушунадиган, замонавий дунёқарашга эга кадрлар билан бойитишга урғу берилаяпти. “Энг муҳими, одамлар билан гаплашиб, уларнинг муаммоларини илғаб, ҳал қила оладиган кадрларга эътибор қаратаяпмиз”, деди вазир.

Қолаверса, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда халқаро ва хорижий тажриба атрофлича ўрганилаётгани, ички ишлар органлари чет давлатларда турли ўқув-семинар-тренингларда малака ошираётгани айтиб ўтилди.

Очиқ мулоқотда вазирлик жорий йилнинг 1 майидан синов тариқасида ички ишлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар қабул қиладиган “Ишонч телефони”ни ишга туширгани маълум қилинди. Эндиликда фуқаролар 1102 рақами орқали шикоят ёки мурожаат қилишлари мумкин.

 

Ахборот технологиялари охири йўқ навбатларга барҳам беради...ми?

Вазирлик фаолиятидаги муҳим бир йўналиш, яъни паспорт тизими талабларини амалга ошириш, хорижга чиқиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва бўлиш қоидаларини бажариш устидан назоратни амалга ошириш кўпчиликни қизиқтираётган масалалардан бири экани савол-жавобларда яққол намоён бўлди. Бинобарин, Президентимизнинг юқорида қайд этилган Фармонида Хорижга чиқиш, келиш ва -фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг аҳоли кўп мурожаат қиладиган туман (шаҳар) бўлимларида иш ҳажмининг тўғри тақсимланмаганлиги сабабли ноқулайликлар ва сансалорликлар юзага келаётгани танқид остига олинган эди. 

Ички ишлар вазири Президентимизнинг виртуал қабулхонасига вазирлик фаолияти юзасидан тушаётган ариза ва мурожаатларнинг аксарият қисми Миграция ва -фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси фаолиятига тааллуқли эканлигини қайд этди. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўлида дастлабки қадамлар ташланаётгани билдирилди. Аввало, бу хизматда фаолият кўрсатувчи ходимлар сони кескин кўпайтирилади. Ўз навбатида, мазкур хизматда офицерларнинг фаолият юритиши йўлга қўйилади. Бу ўз-ўзидан олий маълумотли, юксак малакали ходимлар ишлашини таъминлайди. Қолаверса, ушбу хизматга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қатор муаммоларни ҳал қилиш йўллари изланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижга чиқиш визаси ва биометрик паспорт олиш учун электрон навбат тизими жорий этилади. 

Очиқ мулоқотда, шунингдек, юртдошларимизни ўйлантираётган қатор масалалар, вазирликнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигининг амалий жиҳатлари ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn