Ҳаётий масалалар — парламент аъзолари диққат-эътиборида
  • 03 Май 2017

Ҳаётий масалалар — парламент аъзолари диққат-эътиборида

“Тадбиркор бўлмоқчиман, аммо кредит олишда қийинчиликларга дуч келаяпман”, “Қишлоқ врачлик пунктида зарур тиббиёт ва дори воситалари етишмайди”, “Ичимлик суви, электр таъминотидаги узилишларга ким жавоб беради?”, “Болалар майдончаси ташкил этилса, яхши бўларди”, “Фарзандим замонавий таълим муассасасида таҳсил олишини хоҳлайман”... 

Шу каби ҳаётий масалалар айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзоларининг жойларда аҳоли билан ўтказаётган мулоқотлари давомида ўзининг қонуний ечимини топаяпти.   

Чунончи, парламент аъзоларининг Сирдарё вилоятининг Ховос туманида ҳақиқий аҳволни ўрганиш жараёни бешта гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилгани ҳар жиҳатдан яхши самара бермоқда. Ўрганишларда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, сиёсий партиялар, маҳалла ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам фаол қатнашаяпти.

— Аҳоли билан мулоқотлар қабул қилинган қонунлар, давлат дастурларининг жойларда қай даражада ижро этилаётгани устидан парламент назоратини олиб боришнинг энг самарали шакли экани амалий исботини топаётир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Беҳзод Артиков. — Энг муҳими, бу борадаги ташкилий ишлар изчил такомиллаштириб борилмоқда, одамларга ўз таклиф ва мулоҳазаларини баён қилишлари учун қулай имкониятлар яратилаяпти. Ушбу жараёнда фуқароларимизнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий билими ошиб бораётганини кўриш мумкин. 

Парламент аъзолари ўрганишларнинг дастлабки кунларида тумандаги тиббиёт, таълим муассасалари, маҳаллалар ҳамда хонадонларда бўлишди. Хусусан, “Гулбаҳор” шаҳарча фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган мулоқотларда ҳудудда йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолар атрофлича ўрганилди. Жумладан, шу ҳудудда яшовчи Гулчеҳра Омонованинг Наврўз маҳалласида болалар майдончаси ташкил этиш бўйича таклифи мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола қилинди. 

Учрашувлар чоғида депутат ва сенаторлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги айрим масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ховос шаҳарчасида яшовчи Азамат Жумабоевнинг саломатлигини тиклаш юзасидан қилган мурожаатини ижобий ҳал этиш, шу манзилдаги оилавий поликлиниканинг Карвонсарой маҳалласидаги бўлинмасида  баъзи дори ҳамда тиббиёт воситаларининг етишмаслигини бартараф қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олингани бунга мисолдир.

Парламент аъзоларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан бўлган учрашувида кўплаб таклиф ва фикр-мулоҳазалар эшитилди. Иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини ҳисобланган мазкур соҳани янада ривожлантириш бўйича мамлакатимизда яратилган ҳуқуқий асослар хусусида иштирокчиларга батафсил тушунча берилди.

Айни чоғда ўз бизнесини ташкил этиш истагида бўлган фуқароларга банклар томонидан кредит ажратиш масаласи ҳам назардан четда қолмади. Хусусан, Ховос шаҳарчасининг Еттигузар маҳалласидан ўн нафар фуқаронинг мурожаати айнан шу мавзуда бўлди. Масалан, фуқаро Бердиқул Атабоевнинг мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 20 миллион сўм кредит олиш масаласи 2016 йилдан буён ҳал бўлмаётгани айтиб ўтилди. Бу бўйича банк муассасалари вакиллари билан тегишли чоралар белгилаб олинди. Шунингдек, Шавкат Мўминов, Бахтиёр Нуриддиновнинг иссиқхона ташкил этиш лойиҳасини молиявий таъминлаш масаласи ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Парламент аъзоларининг Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани аҳолиси билан мулоқоти қизғин ўтмоқда. Фуқароларни ўйлантираётган масалалар тегишли идоралар вакиллари иштирокида ҳар томонлама ўрганилаётир. 

— Мурожаатларнинг аксарият қисми уй-жой, коммунал, аҳоли бандлиги, пенсия ва нафақа таъминоти каби масалаларга оид, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқинжон Каримов.  — Бу эса жойларда ушбу соҳаларда иш етарлича ташкил қилинмаётгани, мутасадди идоралар вакиллари аҳоли билан учрашиб, керакли маълумотни етказмаётганидан далолатдир. Очиғини айтиш керак, бугун фуқароларнинг дунёқараши ўзгарган. Улар жамиятда юз бераётган сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларга бефарқ эмас. Бундай пайтда биз уларнинг ҳуқуқий билимини янада кучайтириш, қонуний манфаатларини таъминлашдаги адолатли ечимни йўлга қўйишга хизмат қилишимиз керак.

— Бундай мулоқотлар парламент аъзолари билан халқни янада яқинлаштираётгани қувонарлидир, — дейди “Устоз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулхумор Юсупова. — Ўғлим Илҳомжон банк орқали кредит маблағи олиб, хайрли ишларга бош бўлишни ният қилганди. Шу масалада депутатларга мурожаат этдим. Улар мавжуд ҳолат билан танишгач, мутасадди вакиллар билан амалий ёрдам беришди. Акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Мурожаатимиз ижобий ечим топганидан хурсандмиз. 

“Дардоқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Беруний кўчаси, 20-уйда яшовчи -Нозимжон Маҳмудовнинг ҳам банкдан кредит маблағи сўраб қилган мурожаати жавобсиз қолмади. Тез кунларда у ушбу маблағ эвазига автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчасини ташкил этиш ниятида. 

Халқ билан ўтказилаётган мулоқотлар доирасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти ҳам атрофлича таҳлил қилинаяпти. Улар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилмоқда, самарадорликка эришиш чоралари кўрилмоқда. Бинобарин, мурожаатларнинг аксарият қисми маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти қониқарли йўлга қўйилмагани натижасида юзага келаётганини яширишнинг ҳожати йўқ. Ана шундай камчиликларни бартараф этиш мақсадида 26 та маҳалла фуқаролар йиғини иши ўрганилди. Амалдаги қонунлар ижросини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, манфаатларини ҳимоя қилишда илғор иш услубларини қўллаш юзасидан кўрсатмалар берилди. Шунингдек, туманда тиббиёт, таълим, транспорт хизмати, йўл қурилиши соҳаларидаги аҳвол ҳам парламент аъзоларини бефарқ қолдирмади. -Аҳолининг ичимлик суви, электр ва газ таъминотидаги сўровлари юзасидан ижобий натижаларга эришилаяпти. 

Парламент аъзоларининг жойларда аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда. 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, 

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn