Президент табригидан кексалар беҳад мамнун
  • 03 Май 2017

Президент табригидан кексалар беҳад мамнун

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудида уруш фахрийларига Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ўалабанинг 72 йиллиги муносабати билан Президентимиз Шавкат -Мирзиёевнинг табриги ва пул мукофоти тантанали тарзда топширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда улар учун яратилаётган имтиёзлар кўламини кенгайтириш белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларига икки миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти, юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналарни навбатсиз харид қилиш имконияти берилди. Сотиб олинган автоуловларга биринчи ва иккинчи техник хизматлар бепул кўрсатилиши ҳам алоҳида эътиборга молик. Бундан ташқари, ёши улуғ инсонларни уй-жой билан таъминлаш, хонадонларида зарур шароитлар яратиш, таъмирлаш борасида ҳам давлатимиз ғамхўрлик қилмоқда.

Яна бир диққатга сазовор жиҳати, бу йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига Президентимиз ўз табригини йўллади. Айни пайтда жойларда давлатимиз раҳбарининг табригини эгаларига топширишга бағишланган тадбирлар давом этмоқда. 

Қувонч ва ҳаяжонга тўла шундай онлардан бири куни кеча Самарқанд вилоятида бўлиб ўтди. Самарқанд шаҳрида яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Зинаида Поваляева ҳамда Рашид Раҳмоновга Президентимиз табриги ва икки миллион сўм пул мукофоти ҳамда бошқа қимматбаҳо совғаларни вилоят ҳокими Ҳ. Оқбўтаев тақдим этди. 

— Жудаям мамнунмиз, — дейди З. Поваляева. — Давлатимиз раҳбари табригида “Бутун инсоният тақдири хавф остида қолган суронли даврда тинч-осойишта ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларимизнинг ёруғ келажаги учун жасорат ва матонат кўрсатганингиз, тинч меҳнат йилларида элу юртимиз равнақи йўлида фидокорона хизмат қилганингиз барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат мактабидир”, дея ёзилган жумлалар биз учун бениҳоя қадрлидир. Бундай эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилиб кетди. Ниятимиз, юртимизга, тинчлигимизга, ҳамжиҳатлигимизга кўз тегмасин.

94 ёшли Рашид Раҳмоновнинг файзли хонадони ҳам байрам тусини олди. 

— Уруш даҳшатларини кўрдик, ҳеч кимнинг бошига ундай кунларни солмасин, — дейди отахон. — Дунёда тинчлик бўлсин. Ёшлар билан суҳбатлашганда ҳам осойишталикни асраб-авайлашга, давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш лозимлигига эътибор қаратамиз. Байрам шукуҳи қалбимизга улкан шодликлар бахш этди. Бизни эъзозлаётганларга минг раҳмат.

Акром ҲАЙДАРОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn