Эзгу ишлар бир-бирига уланмоқда
  • 03 Май 2017

Эзгу ишлар бир-бирига уланмоқда

Республикамиз бўйлаб “Президент эътибори — мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйлари халқимизга хос саховатпешалик, ҳамжиҳатлик фазилатларини яққол намоён этиб, чин маънода меҳр-оқибат тантанасига айланмоқда.

Қўқон шаҳридаги “Ўрда” тантаналар саройида 12 келин-куёвнинг никоҳ тўйига бевосита гувоҳ бўлган канадалик сайёҳлар ўз ҳайратларини яшира олмади.

— Жуда кўп давлатларда бўлганмиз, лекин эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш мақсадида уюштирилган бундай файзли тўй тантаналарини кўрмаганмиз, — дейди улардан бири Даниэл Десрочес. — Халқингизнинг бағрикенглиги, аҳиллиги, чинданам, ибратга лойиқ.

Шу куни келин-куёвларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси тақдим этилди.

— Бугун Абдулазиз ўғлим учун, оиламиз учун унутилмас кун, — дейди Фурқат туманида яшовчи Одинахон Жалолова. — Турмуш ўртоғим вафот этган. Лекин ўғлим ва келиним мана шу даврага кириб келаётганида отасиз эканлиги билинмади. Бундай эзгу ишлар бошида турган барча саховатли инсонлардан беҳад миннатдормиз.

“Президент эътибори — мурувват тадбирларида” шиори остида Фарғона вилоятида 206 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилиши режалаштирилган.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn