Имконият, изланиш ва рағбат
  • 02 Май 2017

Имконият, изланиш ва рағбат

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 23 минг 730 дан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Яратилаётган қулай шароит ҳамда берилаётган имтиёзлар туфайли мазкур соҳа вакилларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши қарийб эллик фоизга етди. Янги иш ўринлари яратишда, бозорни сифатли ва -импорт ўрнини босувчи товарлар билан тўлдиришда ушбу сектор вакиллари фаоллик кўрсатмоқда.

Тўйтепа шаҳрида ўтказилган “Ташаббус — 2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этган ишбилармонларнинг фаолияти билан танишган киши  бунга яна бир бор амин бўлади. 

— Танловда қатнашаётганлар сафи йил сайин кенгайиб бораяпти, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбари Файзулла Маманов. — Улар қаторига юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тадбиркорлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланаётган фермерлару моҳир усталар қўшилмоқда. Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил танловнинг дастлабки босқичида 600 дан ортиқ ишбилармонлар иштирок этди.

Ҳайъат аъзолари хулосасига кўра, Зангиота туманидаги “Torimed Pharm” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Саркор Исанбаев “Йилнинг энг яхши тадбиркори” сифатида эътироф этилди. Шунингдек, Оҳангарон туманидаги “Шоштепа шамс” фермер хўжалиги раҳбари Тоҳир Сайрамов “Йилнинг энг яхши фермери”, Зангиота туманилик ёғоч ўймакори Камолиддин Раҳматуллаев “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида ғолиб, деб топилди. Бундан ташқари, бир қатор номинациялар бўйича ҳам муносиблар аниқланиб, уларга ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn