Жасорат асло унутилмайди
  • 02 Май 2017

Жасорат асло унутилмайди

Орден 72 йилдан кейин ўз эгасига топширилди.

Иккинчи жаҳон урушига отланганида Гамик Закиев 18 ёшда эди. Миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритган ушбу урушда у нималарни кўрмади, дейсиз?! Вайрон бўлган шаҳару қишлоқлар, бир бурда нонга зор етим болалар, ҳаётдан бевақт кўз юмган қуролдошлар... Буларнинг барчаси ҳали-ҳануз кўз ўнгида.

— Шу қирғинбарот урушдан омон қолиш насиб этди, — дейди Бухоро шаҳридаги Низомий Ганжавий маҳалласида яшовчи отахон. — Ўзим асли андижонликман. Урушдан кейин Самарқандда институтда ўқидим. Олий таълим муассасаси йўлланмаси билан Бухорога келиб, узоқ йиллар савдо тизимида меҳнат қилдим. Ҳозир 92 ёшдаман. Уч ўғлим, невара-эвараларим бор.

Отахон, айниқса, ҳозирги Чехия ва Словакияни фашистлардан озод қилиш йўлида кечган жангларни яхши эслайди. Бу жангларда Гамик Закиев алоҳида жасорат кўрсатган эди. Довюраклиги учун у ўшанда “Красная Звезда” (“Қизил Юлдуз”) ордени билан тақдирланишга тавсия этилганди. Аммо урушнинг суронли, таҳликали дамлари сабаб бундан, ҳатто, юртдошимизнинг ўзи ҳам бехабар қолганди.

Орадан 72 йил ўтди. Шоир айтганидек, узилган бир киприк абад йўқолмас экан. Г. Закиевнинг жасорати ҳақидаги битиклар архивлардан топилди.

Куни кеча отахоннинг хонадонида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Гамик Закиевга йўллаган табрик мактубини, шунингдек, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари томонидан “Қизил Юлдуз” орденини топширишга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Мамлакатимиз Жануби-ўарбий махсус ҳарбий округи, вилоят ҳокимияти, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашган тадбирда оталар жасорати ёш авлод учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб келгани алоҳида таъкидланди.

Гамик Закиевга тантанали тарзда “Қизил Юлдуз” ордени топширилди. Шу тариқа 72 йилдан кейин орден ўз эгасининг қўлига тегди.

Отахоннинг қучоғи гулларга тўлди. Унга қимматбаҳо совғалар туҳфа қилинди. Ҳаваскор ёшлар ижросида куй-қўшиқлар янгради.

— Бугун ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири, — дейди Г. Закиев. — Мени эслашгани, унутишмагани учун раҳмат. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг табрик хатидаги самимий сўзларни эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Бу эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдорман. Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин!

Тадбирда вилоят ҳокими Ў. Барноев иштирок этди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn