«Ўзбекистон исломнинг ҳақиқий издошлари учун энг яхши намунадир»
  • 02 Май 2017

«Ўзбекистон исломнинг ҳақиқий издошлари учун энг яхши намунадир»

Маълумки, 2016-2017 йиллар Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашида Ўзбекистоннинг раислик даври ҳисобланади. Ўтган йил 18 октябрь куни ушбу органнинг 43-сессиясида мазкур давр “Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори остида ўтказилиши эълон қилинган эди.

Анжуман чоғида Ўзбекистоннинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этиш билан боғлиқ муҳим ташаббуслари илгари сурилди. Бу, шубҳасиз, буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни, уларнинг нафақат ислом маданияти, балки бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини ҳар томонлама ўрганишга хизмат қилади. Шунингдек, ташкилотнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича -тузилмаси (ISESCO)нинг махсус кафедрасини Тошкентда ташкил этиш таклифи ҳам билдирилганди.

Яқинда Нидерландиянинг Лейден университетида бўлиб ўтган давра суҳбати ана шу ташаббуслар муҳокамасига бағишланди. У ушбу олий ўқув юрти ҳамда Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги дипломатия миссияси томонидан ўзаро ҳамкорликда ташкил қилинди. Тарихдан маълумки, 1575 йилда асос солинган Лейден университети мазкур мамлакатнинг энг кўҳна таълим даргоҳи ҳисобланади. “Times” журнали эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, университет дунёдаги 100 та энг яхши олий таълим муассасаси рўйхатидан жой олган.

Нидерландия илмий-академик доиралари вакиллари, жумладан, Марказий Осиёни тадқиқ этиш билан шуғулланадиган етакчи олимлар, исломшунос ва шарқшунослар ушбу давра суҳбатининг иштирокчилари бўлишди. Улар Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашида раислигидаги устуворликлар, респуб-ликамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур кенгаш 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида ўз ифодасини топган асосий жиҳатлар билан яқиндан танишдилар. Нидерландиялик олимлар замонавий шароитда, яъни маърифий исломни ҳар томонлама илгари суриш фавқулодда зарур бўлган бугунги кунларда Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуслари жуда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.

Тадбир доирасида уюштирилган “Ўзбекистонда ислом: тарих ва замонавийлик” мавзуидаги тақдимот чоғида Марказий Осиёда муқаддас дин тадрижийлиги, заминимиз буюк мутафаккирлари ҳамда давлат арбобларининг ислом тараққиётида тутган улкан ўрни хусусида атрофлича фикр юритилди. “Барча муҳаддислар устози” бўлмиш Имом Бухорийнинг ислом оламидаги ҳадислар тўпламининг ишончли манбаи сифатида эътироф этилган “Ал-жомеъ 

ас-саҳиҳ” тўплами муқаддас Қуръони каримдан кейин ислом дини ҳақидаги иккинчи ишончли ёзма манба саналиши алоҳида айтиб ўтилди. Давра суҳбати Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Али Қушчи ва бошқа буюк алломаларнинг ноёб мероси юзасидан ҳам қизғин фикр алмашувларига бой кечди.

Тадбирда Лейден университети профессори Габриэла ван ден Берг ўз олий ўқув юрти ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратаётганини алоҳида таъкидлади.

— 2005 йили “Замонавий Осиёнинг ўзига хосликлари ва халқ анъаналари” тадқиқот лойиҳаси доирасида университетимизда “Марказий Осиё ташаббуси” дастури эълон қилинди, — деди у, жумладан. — Мазкур дастур мамлакатларимиз академик доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш орқали минтақани ҳар томонлама тадқиқ этиш учун минбар яратиш мақсадига йўналтирилган. Бунда Марказий Осиё халқларининг бой маданий-тарихий меросига, миллий ўзига хослиги ҳамда геосиёсий аҳамиятига катта эътибор берилмоқда.

Давра суҳбати якунлари бўйича “Жаҳон” ахборот агентлиги учун берган интервьюси чоғида Лейден университети илмий ходимаси Елена Паскалева ўзи фаолият юритаётган таълим маскани Нидерландияда Марказий Осиё минтақаси бўйича чуқур тадқиқот олиб борадиган ягона университет эканлигини таъкидлади.

— Университетимизда Марказий Осиё мамлакатлари тарихи ва маданиятини ўрганишга доир таълим йўлга қўйилганидан сўнг Ўзбекистонга бағишланган -конференция ва семинарлар мунтазам равишда ўтказилмоқда, — деди олима. — Бугунги тадбир ҳам ана шу йўналишдаги ишларнинг бир қисми ҳисобланади. Республикангизда миллатлараро ҳамда динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида ҳаётга татбиқ қилинаётган чора-тадбирлар жуда катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон том маънода ислом маданиятининг марказларидан биридир. Мамлакатингиз бешик бўлган кўплаб олим ва мутафаккирлар жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишган. Шунинг учун ҳам Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида халқаро илмий тадқиқотлар маркази ҳамда Тошкент ислом университети таркибида ISESCOнинг махсус кафедраси ташкил этилиши ҳақидаги хабарни қизиқиш ва мамнуният билан қарши олдик.

Лейден университети докторанти Саид-Ризо Балхи Ўзбекистон дунёвий давлат сифатида сиёсат олиб бориш баробарида, исломнинг ҳақиқий издошлари меросига ҳамда бошқа динларга ғамхўрлик билан муносабатда бўлаётгани ҳурматга сазовор эканлигини алоҳида таъкидлади.

— Аҳолисининг аксарият қисмини мусулмонлар ташкил қиладиган мамлакатингиз исломнинг ҳақиқий издошлари учун энг яхши намунадир, — деди тадқиқотчи олим. — Афсуски, бугунги кунда динни обрўсизлантиришга уринишлар кузатилмоқда. Шу нуқтаи назардан, тинчликсеварлик ва бунёдкорликка асосланган ҳақиқий исломни илгари суриш борасида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутаётганини қайд этиш зарур. Оқкўнгил ўзбек халқи ўзининг буюк аждодлари қолдирган бебаҳо маънавий бойлиги билан фахрланишга ҳақли. Бу бойлик бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади.

«Жаҳон» АА.

Брюссель

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn