Муносиб меҳнат шароити
  • 29 Апрель 2017

Муносиб меҳнат шароити

аҳоли ижтимоий ҳимоясида муҳим омиллардан биридир

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда аҳолига муносиб меҳнат шароитлари яратиш, ходимлар руҳиятига салбий таъсир этувчи омиллар, уларни бошқариш усуллари ҳамда бартараф этиш механизмлари, ишчи-ходимларнинг иш жараёнида самарали фаолият юритишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Айни чоғда меҳнат муҳофазаси маданиятини ривожлантириш, корхона ва ташкилотларда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олишда ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилингани меҳнат муҳофазаси соҳасида иш берувчилар ва ходимлар масъулиятини кучайтириш, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари фаолиятини такомиллаштиришда дастуриламал бўлмоқда.

Давра суҳбатида касаба уюшмалари томонидан ходимлар меҳнатини муҳофазалаш соҳасида профилактика тадбирларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди. Меҳнатда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, бу борада жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, иш берувчилар масъулиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ана шулар жумласидандир. Шу мақсадда жамоа шартномалари орқали корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимлар махсус кийим-бош, шахсий ҳимоя воситалари, профилактика озиқ-овқатлари билан таъминланмоқда. Уларни меҳнат муҳофазаси қоидалари бўйича ўқитиш, мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш, тегишли тартибда имтиёз ва компенсация ўрнатиш каби масалалар ҳам доимо диққат-эътиборда бўлиб келаётир.

— Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан 2003 йилдан буён 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонлаб келинаяпти, — дейди ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюроси бош мутахассиси Гоча Александрия. — Мазкур сана муносабати билан дунёнинг юздан зиёд мамлакатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда иш жойида жароҳатланиш ҳамда касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди. Юртингизда ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ва эришилган ютуқлар билан яқиндан танишдик. Ўзбекистонда бу борада тўпланган тажрибаларни ўрганиш бошқа давлатлар учун фойдали, албатта.

Тадбирда бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар, корхона ҳамда муассасаларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимлари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан рағбатлантирилди.

Давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

З. ХОЛТЎРАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn