Эзгуликнинг мунаввар ифодаси
  • 29 Апрель 2017

Эзгуликнинг мунаввар ифодаси

Оддий халқ тилида “жуда қойилмақом иш бўлди”, “зап кўнглимиздагини топиб айтишибди”, деганга ўхшаш одмигина, лекин инсон қалбини қамраб олган чексиз қувончни бор жўшқинлиги билан ифода этгувчи кўтаринки сўзлар кўп. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарори ҳам адабиётсевар халқимиз, аввало, ижодкорларимиз дилида мавжланиб турган эзгу орзуларнинг рўёби бўлди.

Адабиёт — маданиятнинг, санъатнинг, маърифатнинг ўзаги. Бирон-бир соҳа тараққиётини адабиётнинг таъсирисиз тасаввур этиш қийин. Шу нуқтаи назардан қаралса, юқорида тилга олинган, халқ маънавиятини юксалтиришдаги ўрни беқиёс ҳисобланувчи адабиётга эътибор, миллий адабиётимиз ривожига улкан ҳисса қўшган фидойи қаламкашларимизга эҳтиром ўзининг юксак ифодасини топган қарорни, ҳеч иккиланмай, тарихий ҳужжат, дея оламиз. Зеро, ўтмишдан маълумки, у ёки бу мамлакатнинг энг тараққий топган, элнинг турмуш фаровонлиги авж нуқтасига чиққан даврлари бу жойларда илму фан, адабиёт ва санъат гуллаб-яшнаган паллага тўғри келган. Шундан келиб чиқиб айтсак, бугунги кунда қўйилаётган бу илк қадамлар нақадар оқилона, нақадар қутлуғ бўлганлигини авлодларимиз келажакда фахру ифтихор билан тилга олиб юришларига шак-шубҳа йўқ.

Қарорда адабиётимизнинг жадал равнақи ҳамда адибларимизнинг ижод жараёни самарадорлиги билан боғлиқ барча долзарб масалага кенг кўламда ёндашилиб, бунисининг ривожини унисидан айро тарзда тасаввур қилиб бўлмайдиган, бир-бирига бевосита боғлиқ ишлар занжир ҳалқаларидек жамулжам тизимга бирлаштирилган. Булар ўта ҳаётбахш, истиқболли, мазмунан беҳад мақбул омиллардир.

Гапни биринчисидан бошласак, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, ўафур ўулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Саид Аҳмад, Саида Зуннунова, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф янглиғ атоқли қаламкашларимиз ҳайкаллари ёнма-ён қад кўтариб туриши кўз ўнгимизда бу зотларнинг эл-юрт тақдирига жонкуярликда абадий бирдамлиги рамзи сифатида намоён бўлиши табиийдир. Пойтахтимизга бирон-бир юмуш билан ёки саёҳатга келган юртдошларимиз, айниқса, адабиёт ихлосмандлари шаҳарнинг у четидан бу четига бориб юрмай, буюк Алишер Навоий ҳайкалига уйғунлик касб этган тарзда гўё анжуман қуриб тургандек кўринувчи ардоқли адибларининг ёдгорликларини бир йўла зиёрат қилиш имконига эга бўладилар. Фусункор хиёбондаги яхлит меъморий ансамбль ичра худди улар билан бирга гурунглашиб сайил қилаётгандек таассурот оладилар.

Ушбу манзилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун замонавий янги бино қуришнинг назарда тутилгани кўпдан бери ҳал бўлмай келаётган энг зарур масалалардан бири ниҳоят ўз ечимини топганлигидир. Уюшманинг муҳташам бинога эга бўлиши келгусида ўз тасарруфидаги газета-журналларни бир жойга жамлаш, нашриёт ва ихчам босмахона ташкил этиш, турли жанрлар бўйича иш олиб борувчи кенгашлар, ёшлар адабий тўгараклари ишини тубдан яхшилаш, “Ижод” фонди фаолиятини бундан-да кучайтириш, энг муҳими — ижодкорларнинг жойларда тез-тез учрашувлар ўтказиб туриши, меҳнаткашларнинг турмуш тарзини бор икир-чикиригача ўрганиш, уларни ранжитаётган нуқсону камчиликларни тезроқ бартараф этишга, энг зарур эҳтиёжларини тўкисроқ қондиришга яқиндан кўмаклаша олиш каби хайрли ишларга янада кенг йўл очади.

Яна бир жиҳат мазкур боғдаги Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биносининг Ёзувчилар уюшмаси тасарруфига ўтказилиши, унда китоблар кўргазмалари, янги асарлар тақдимотлари, ҳар хил адабий-маърифий тадбирлар ўтказилувчи адабий марказнинг ташкил этилишидир. Ўз-ўзидан маълумки, бундай марказнинг мавжудлиги катта китоб фондига эга бўлган кутубхона, замонавий электрон ускуналар билан жиҳозланган ўқув заллари ишини йўлга қўйиш, турли ижтимоий мавзуларда, жумладан, китобхонлик бўйича ижодкор ёшлар ўртасида давра суҳбатлари, танловлар, мамлакат миқёсида ижодий семинарлар ўтказиб туриш учун қулай шароитни юзага келтиради.

Адабиётга, адабиёт аҳлига нисбатан бундай ғамхўрликлар биз, адибларни чексиз қувонтириши билан бирга, зиммамизга ҳар қачонгидан кўпроқ масъулият юклашини ҳам теран тушуниб турибмиз. Энг аввало, эл ичига янада чуқурроқ кириб бориш, ҳар бир жабҳада меҳнаткашларнинг хурсандчилигу ташвишларига шерик бўлиб, уларнинг дардини аритадиган, кўнглини кўтарадиган, янги ютуқлар сари ундайдиган асарлар яратиш, азамат халқимизга ва шу халқнинг ризқига ризқ қўшиш, мушкулларини осонлаштириш, порлоқ манзиллар сари етаклаш йўлида юрак-юракдан куйиниб яшаётганларга елкадош бўлавериш, шунингдек, миллатлараро аҳилликни мустаҳкамлаш, юртдошларимизнинг маънавий онгини ошириш, уларни ҳар қадамда ҳушёрликка чорлаш, дунёда тобора ноёб бойликка айланиб бораётган тинчликни қадрлашга даъват этавериш асосий шиоримизга айланмоғи жуда муҳим.

Адиблар азалдан пурвиқор бир мақсадга интилиб — асарлари миллат шуурига маънавий қудрат ато этишини, шу билан бирга, китобларининг овози олам бўйлаб янграшини орзу қилиб яшайди. Аммо биз биринчи галда шу мўътабар халқнинг бир бўлагимиз, вужудимиз шу табаррук юртнинг тупроғидан қорилган. Қалам аҳли буни бошқалардан кўра ёрқинроқ англаши барчага маълум. Шундай экан, ишонч билан айтиш мумкинки, бундан кейин ҳам фуқаролик бурчимиз барчасидан кўра қадрлироқ эканини ҳис этган ҳолда, ёниб ижод қилаверамиз.

Кун сайин қадамларимиз дадиллашиб, иш услубларимиз янгиланиб, ҳаётимиз кўркамлашиб, мақсадларимиз юксалиб бормоқда. Осойишталикни, иноқликни, ҳалол меҳнатни қадрлашдек гўзал одатларимиз токи бардавом экан, эртанги кунимиз бундан-да фаровонроқ бўлиши шубҳасиздир.

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn