Ёзда ўтқазилган нок кўчати бир йил ўтиб ҳосилга кирди
  • 29 Апрель 2017

Ёзда ўтқазилган нок кўчати бир йил ўтиб ҳосилга кирди

Когон туманидаги “Сиёвуш Комрон фут” фермер хўжалиги томонидан сўнгги бир йил давомида қирқ гектар майдонда интенсив боғ барпо қилинди. Эътиборлиси, ўтган йилнинг ёзида ўтқазилган нок кўчатлари ҳосилга кирди.

— Ёзда ҳам кўчат ўтқазилармикан, деб ҳайрон бўлаётганингизни сезиб турибман, — дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Умиджон Исмоилов. — 2016 йилнинг баҳорида ерни экишга тайёрлаш, хориждан мевали дарахт кўчатларини олиб келиш каби юмушлар билан овора бўлиб қолдик. Бу орада жавзо ҳам кирди. Шунда ҳамкорларимиз — чет эллик мутахассислар билан маслаҳатлашдик. Тажрибали боғбонларимизнинг фикрлари билан қизиқдик. Замонавий фан ютуқларини ўргандик. Шундан сўнг кеч кузни кутишнинг ҳожати йўқ, деган қарорга келинди. Илдизини сувга тўйинтирган ҳолда уч гектар ерга ўн минг туп кўчатни ўтқаздик. Томчилатиб суғориш орқали уларни парваришлашга киришдик. Натижаси чакки бўлмади. Нок кўчатлари ёзда ўтқазилганига қарамай, Бухоронинг мураккаб табиий иқлим шароитига мослашди. Айримлари эса ўтган йилнинг ўзидаёқ бир-иккита мева тугди.

“Ўйчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битибди”, деганларидек, хўжалик боғбонлари шу тариқа ҳар қандай шароитда ҳам мақсадга эришиш мумкинлигини исботладилар. Диққатга молик томони шундаки, бу ерда ҳар бир юмуш илм-фан ютуқлари асосида ташкил этилмоқда. Масалан, экинни суғориш учун сувнинг сингиб кетишига йўл қўймайдиган мембранали ҳовуз барпо этилган. Фильтрланган сув насослар ёрдамида қувурларга узатилади. Махсус қозонларда эса кўчатлар учун зарур озуқа моддалари тайёрланади ва улар сувга аралаштирилиб, кўчатлар илдизига юборилади. Бу юмушларнинг барчаси дастурлаштирилган.

— Бир қисм экин майдонларимизда шўрланиш кучлилигини ҳисобга олиб, маҳаллий тажрибага таянган ҳолда дренаж барпо этдик, — дейди Умиджон Исмоилов. — У ер ости зах сувларини “қочириб”, кўчатларнинг баравж ўсишига имкон яратаяпти. Ҳозир интенсив боғимизда нок, олма, гилос, шафтоли, олча каби мевали дарахт кўчатларининг 100 минг тупга яқини парвариш қилинмоқда. Икки-уч йил ўтмай улар ҳосилга киради.

Мутахассислар фикрича, хориждан келтирилган мевали дарахт кўчатлари серҳосил, меваси экспортбоп. Бухоронинг иссиқ иқлим шароитида улар янада мазали бўлади.

Айтмоқчи, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун банкнинг 3 миллиард сўмдан зиёдроқ кредити сарфланди. Ҳозир хўжаликда доимий меҳнат қилаётганлар сони қирқ нафардан ошди. 100 нафарга яқин мавсумий ишловчилар ҳам бор.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn