Ахборот-кутубхона марказлари ва халқаро тажриба
  • 29 Апрель 2017

Ахборот-кутубхона марказлари ва халқаро тажриба

Наманганда “Central Asia 2017 — Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари”  ХI халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Маданият, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда бошқа қатор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Германия, Россия, Қозоғистон каби ўнга яқин мамлакатлардан ўттиздан ортиқ соҳа вакиллари, эксперт ва олимлар қатнашди.

Мамлакатимизда аҳолига ахборот хизмати кўрсатишни яхшилаш, бунинг учун илғор ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда янги дастурий маҳсулотларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Жумладан, 2011 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни ижроси доирасида тизимдаги муассасаларнинг моддий-техника имкониятлари мустаҳкамланди. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун жаҳон андозалари даражасида янги бино қурилиб, китобхонлар ихтиёрига топширилди.

Ҳудудлардаги ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари фаолияти ҳам тобора такомиллаштириб борилаётир. Масалан, конференцияга мезбонлик қилган Наманган вилоятида ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш чоралари кўрилаяпти.Бугунги кунда мазкур муассасаларнинг умумий фонди 5,2 миллион донадан ортиқ бўлиб, электрон ресурслар фонди 380 минг донадан ошди. Айни чоғда ахборот-кутубхона марказларида рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 800 минг кишидан зиёдни ташкил этмоқда.

Анжуманда алоҳида таъкидланганидек, Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Икки кун давом этган халқаро анжуманда жаҳон кутубхоначилиги тажрибалари, -Евроосиё кутубхоначилик ассамблеяси лойиҳавий фаолиятида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг иштироки, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишнинг долзарб вазифалари, тизимдаги муассасалар фаолиятига янги технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.

— Бундан уч йил аввал ўтказилган тадбирларда ҳам қатнашгандим, — дейди Германия Кутубхоначилик ассоциацияси раисининг ўринбосари Весна Штейер. — Орадан ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистон кутубхоначилиги тизимида анча ўзгаришлар рўй берибди. Хусусан, зиё масканларида электрон адабиётлар фондини яратиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар диққатга сазовор.

Халқаро анжуман ўзаро тажриба алмашув, савол-жавоблар билан янада мазмунли ўтди. Унинг ниҳоясида меҳмонлар Наманган шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn