Вояга етмаганлар ҳуқуқларини таъминлаш — доимий эътиборда
  • 02 Май 2014

Вояга етмаганлар ҳуқуқларини таъминлаш — доимий эътиборда

Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 6 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Унда барча вазирлик ва идоралар олдига жисмоний соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама уйғун ва баркамол ривожланган, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш каби вазифалар юклатилган.

Мазкур дастур ижроси доирасида Ички ишлар вазирлиги ва унинг жойлардаги қуйи тизимлари томонидан вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали фаолият олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик ҳолатларининг олдини олиш тадбирларини амалга оширишга қаратилмоқда.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ўтказилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди. Тадбирда мактаблар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари давоматини яхшилаш, улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни турли ёт иллатлар таъсиридан асраш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Бугунги кунда республика ички ишлар идоралари томонидан вояга етмаганлар қаровсизлиги, назоратсизлиги, ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, таълим-тарбияси билан шуғулланиш, таълим муассасаларида давоматни яхшилаш борасида маҳаллий ҳокимликлар, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва ушбу масалага масъул давлат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда қатор мақсадли тадбирлар амалга оширилмоқда.

— Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан, умумтаълим мактабларида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси ҳамкорлиги” Жамоат кенгаши тузилганлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссиясининг фаолияти йўлга қўйилганлиги ижтимоий шериклик асосидаги тадбирларимиз кўламини янада кенгайтирди, — дейди Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари И. Жаҳонгиров. —  Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудларида вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари фаолиятининг изчил йўлга қўйилганлиги вояга етмаганларнинг муҳофазасини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Анжуманда ҳамкорликда олиб борилган профилактик-огоҳлантирув ишлари натижасида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг йилдан-йилга, жумладан, сўнгги беш йилликда вояга етмаганлар жиноятчилиги 14 фоиз камайишига эришилгани айтиб ўтилди.
Тадбирда тегишли соҳа мутасаддилари муҳокама этилган мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини айтишди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn