Соғлом турмуш тарзи тарғиботи
  • 28 Апрель 2017

Соғлом турмуш тарзи тарғиботи

Профилактика куни муносабати билан жойларда ташкил этилаётган тадбирлар нафақат кўлами, айни чоғда моҳияти жиҳатидан ҳам тобора кенгайиб бормоқда.

Хусусан, Урганч шаҳрида “Биз — ёшлар жиноятчиликка қаршимиз” шиори остида спортнинг енгил атлетика тури бўйича марафон ўтказилди. Вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бошқармаси, “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида уюштирилган мазкур мусобақада ҳудуддаги коллежларнинг 2 минг нафардан зиёд ўқувчилари ҳамда профилактик ҳисобга олинган вояга етмаганлар жалб қилинди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш, навқирон авлодни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, ҳар бирининг онгида “оммавий маданият”га қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Якунда 15 та номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга эсдалик совғалар топширилди.

Фарғона вилоятида бўлиб ўтган профилактика тадбирлари доирасида транспорт-коммуникация тизимларига яқин жойлашган хонадонларда, корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида кенг қамровли тарғибот ва тушунтириш ишларига алоҳида ўрин берилди. Жумладан, Фарғона халқаро аэропорти, Қўқон минтақавий темир йўл узели, Қўқон шоҳбекати, Қақир, Бувайда темир йўл бекати ишчилари ва Ўзбекистон, Учкўприк, Олтиариқ, Данғара ҳамда Бувайда туманларидаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли билан учрашувлар ўтказилди.

— Бувайда туманидаги Чанг қишлоғида фуқаролар билан уюштирилган мулоқотлар чоғида темир йўл кесишмаси ёпиб қўйилганлиги, бу эса аҳолига қийинчилик туғдираётгани ҳақида эътирозлар билдирилган эди, — деди туман ички ишлар бўлими бошлиғи Шавкатжон Мавлонов. — Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида масала жойида ижобий ҳал этилди. Ушбу кесишмаларда ҳаракат хавфсизлиги чоралари тўлиқ таъминланди.

Сурхондарё вилоятида ўтказилган профилактика тадбирларида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида жамоат тартибини сақлаш, одам савдоси, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, диний экстремизмга қарши кураш каби долзарб масалаларга эътибор қаратилди.

— Профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорлиги яхши самара бермоқда, — деди Сариосиё туманидаги “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муродали Шарипов. — Натижада ҳудудимизда жиноятларнинг олди олинаяпти. Буни жорий йилнинг ўтган даврида бирорта бундай ҳолат қайд этилмагани ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, профилактик ҳисобда турган ва муқаддам судланган шахслар билан доимий тарзда иш олиб борилаётир. Фарзандларимизни спорт ҳамда китоб мутолаасига кенг жалб этиш юзасидан ҳам муайян чоралар кўрилмоқда.

Профилактика тадбирлари мамлакатимизнинг барча ҳудудида юқори савияда бўлиб ўтди.

Ойбек РАҲИМОВ, 

Элёржон  ЭҲСОНОВ,

Нормурод ТЕМИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn