Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади
  • 28 Апрель 2017

Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади

Тошкент шаҳрида Оролбўйи минтақасидаги деҳқон ва фермер хўжаликларининг иқлим ўзгаришига мослашишига кўмаклашиш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан тегишли ташкилотлар кўмагида ҳаётга татбиқ қилинаётган “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқлимий барқарорлигини таъминлаш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, иқлимга боғлиқ хатарлар юртимиз, хусусан, Оролбўйи ҳудудига ҳам таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Иссиқлик тўлқинлари, дўл, кучли шамол ва қурғоқчилик каби ҳодисаларнинг тасодифийлиги, уларни олдиндан башорат қилиш қийинчилиги эса қишлоқ хўжалиги тармоқларига етказиши мумкин бўлган салбий таъсирларни камайтиришда мураккабликларни юзага келтираётир. Устига-устак, бундай ҳодисаларнинг тез-тез такрорланиши эрта огоҳлантириш тизимлари, гидрометеорологик мониторингни ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу боис бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 10 та метеорологик станция ва иккита гидрологик пост модернизация қилиниб, ахборотни -автоматик равишда йиғиш ҳамда узатиш ускуналари ўрнатилди. Бу эса иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чора-тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

Тадбирда қурғоқчиликка чидамли, серҳосил экинлар селекциясини ривожлантириш, амалиётга ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш усулларини кенг татбиқ этиш, суғориш ҳамда ерга ишлов беришда инновацион ёндашувлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилиши таъкидланди. Шунингдек, сувни тежовчи технологияларни қўллашнинг умумий концепцияси, уни Чимбой ва Кегейли туманларида жорий этиш афзалликлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn