Меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий шериклик
  • 02 Май 2014

Меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий шериклик

Пойтахтимизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ходимларга хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитлари яратилишида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш мавзуига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, иш берувчилар бирлашмалари, корхона ва ташкилотларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассислари, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси экспертлари иштирок этди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш, эркин касб-ҳунар танлаши ҳамда ходимларга хавфсиз, қулай ва муносиб меҳнат шароитлари яратиш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар корхона ҳамда ташкилотлардаги меҳнат муҳофазаси ҳолатини янада яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги шикастланиш ва касб касалликларининг олдини олишда муҳим асос бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси жамоат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтиришда янги имкониятларни очди. Бугунги кунда касаба уюшмалари, иш берувчилар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклик асосида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари юксак самараларни бермоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий текшириш институти ҳамкорлигида тегишли низомларнинг тасдиқланиши билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби кенг йўлга қўйилди. Ходимлар меҳнати муҳофазасини янада кучайтириш мақсадида касб касалликларининг олдини олиш юзасидан тиббиёт профилактика муассасалари ва касаба уюшмаларининг тавсиялари ишлаб чиқилди. Корхоналарда ходимлар саломатлигини сақлаш ва уларни бахтсиз ҳодисалардан асрашга қаратилган талаблар кучайтирилди. Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ишида касаба уюшмалари вакилларининг иштироки таъминланмоқда.

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни энг яхши ташкил этган корхоналар ҳамда жамоатчилик назоратини намунали йўлга қўйган иш берувчилар, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ва меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида Республика кўрик-танловининг йўлга қўйилиши ҳам ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.

Тадбирда 2013 йилда 5800 дан зиёд корхона ва ташкилотда меҳнат муҳофазаси бўйича йўлга қўйилган ишлар ўрганилганлиги таъкидланди. Хусусан, Тошкент, Хоразм, Самарқанд, Жиззах вилоятларидаги корхоналарга тегишли амалий ёрдам кўрсатилди. Ўтган йили жамоа шартномаларида меҳнат муҳофазаси бўйича белгиланган 450 мингдан ортиқ чора-тадбирларнинг қарийб барчаси бажарилишига эришилиб, ушбу мақсадларга 125 млрд. сўм маблағ сарфланди.
Давра суҳбатида меҳнат муҳофазасини таъминлаш, ходимларга хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитлари яратилишида ижтимоий шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга оид таклиф ва тавсиялар билдирилди.

З. ИСМОИЛОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn