Бирламчи тиббиёт тизими ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолати
  • 11 Апрель 2017

Бирламчи тиббиёт тизими ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолати

парламент аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилди

Халқ билан амалий мулоқотда бўлиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, ижтимоий-иқтисодий аҳволни танқидий-таҳлилий руҳда ўрганиш, пировардида ушбу масалаларни халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш парламентнинг таъсирчан кучи сифатида амалиётда кенг қўлланилмоқда.

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши сессиясида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар чуқур таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, ҳудудда тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бир қатор ташкилий-амалий ишлар олиб борилаётир. Аҳоли хонадонларида бўлиб ўтган мулоқотлар фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги тезкор янгиланишлар ва туб ислоҳотларни мамнуният билан қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмоқда.

Ўрганишлар давомида парламент вакиллари томонидан соғлиқни сақлаш соҳаси ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва дори-дармон воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш масалалари муфассал таҳлил қилинди. Мулоқотлар чоғида фуқаролар тиббий хизмат кўрсатиш борасида малакали ходимлар ва зарур дори-дармонлар таъминоти юзасидан ўз фикрларини билдирдилар. 

Йиғилишда аҳоли томонидан кўтарилган ҳамда парламент аъзолари бевосита жойларга чиқиб аниқлаган айрим муаммо ва камчиликларга тўхталиб ўтилди. Туман тиббиёт бирлашмасига тегишли касалхона биноси капитал таъмирталаблиги, соғлиқни сақлаш ташкилотлари моддий-техника базаси талабга жавоб бермаслиги, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ҳолати қониқарли эмаслиги шулар жумласидандир. Тез тиббий ёрдам хизмати яхши йўлга қўйилмагани, жойларга кечикиб етиб бориш ҳолатлари мавжудлиги жиддий кўриб чиқилди. Уларни  бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланди.

Сессияда одамлар турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи бошқа соҳалар, жумладан, тижорат банклари томонидан фуқароларга хизмат кўрсатиш, ишбилармонларга кредит маблағлари ажратиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ҳам парламент аъзоларининг диққат-эътиборида бўлди. Ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва уларга тегишли кўмак бериш борасида туманнинг ички ресурс ҳамда имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани таъкидланди. 

Ўрганишлар давомида аҳоли бандлиги, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича ечимини кутаётган масалалар мавжудлиги аниқланди. Шунингдек, аҳолига савдо ва маиший, коммунал хизмат кўрсатиш даражаси ҳам замон талабларидан орқада қолаётгани аён бўлди.  

Йиғилишда халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолияти таҳлил қилиниб, танқидий баҳо берилди. 

Туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича тегишли идоралар раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

* * *

Халқ депутатлари Пешку тумани Кенгаши сессиясида ҳам парламент аъзолари -томонидан фуқаролар билан бевосита мулоқотлар жараёнидаги ўрганишлар натижалари мутасаддилар иштирокида батафсил кўриб чиқилди.    

Айтиб ўтилганидек, депутатлар ва сенаторлар томонидан 630 дан ортиқ хонадонларда суҳбат ўтказилди. Шу аснода 180 га яқин долзарб масалалар аниқланди. 

Парламент аъзоларининг жойлардаги фаолияти давомида фақат ҳақиқий ҳолатни ўрганиш билан чекланмай, уларни жойида ҳал этиш чораларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Пешку туманида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш ва унга аҳолини кенг жалб қилиш мақсадида 74 нафар фуқарога чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш ҳамда ихчам иссиқхоналар ташкил этиш бўйича 

494 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилишида кўмак берилди. 

Қолаверса, туман бандликка кўмаклашиш маркази билан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 30 нафар фуқаро ишга жойлашди. Аҳоли томонидан билдирилган таклифлар асосида транспорт қатновини яхшилашга эришилди. 

Умуман олганда, туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган қўшимча иш ўринлари яратиш, кредитлар ажратиш, дори воситалари нарх-навоси устидан самарали мониторинг ўрнатиш каби 80 дан ортиқ масала юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ҳамда тавсиялар берилиб, уларнинг бажарилиши парламент назоратига олинди.

Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар ва мавжуд муаммолар депутатлар диққат-эътиборида бўлди. Туман марказий шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникада тор мутахассисларга бўлган талаб сақланиб қолаётгани, тез тиббий ёрдам бўлимларида транспорт воситалари техник эскиргани, бу эса хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани таассуфли. Шунингдек, амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, ҚВПларда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда, физиотерапия аппаратлари бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Мактаб ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказишда юзакичиликка йўл қўйилмоқда. 

Ушбу ҳолатларни яхшилаш юзасидан тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Сессияда тегишли идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммолар ечимини таъминлашда халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини тубдан такомиллаштириш кераклиги таъкидланди. Депутатларнинг сайловчилар олдидаги масъулиятини, партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ташаббускорлигини ошириш, тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни Кенгаш йиғилишларида тизимли равишда муҳокама қилиб бориш, депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан тавсиялар берилди. 

Халқ депутатлари Гурлан ҳамда Пешку туманлари Кенгашлари сессиялари якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Ойбек РАҲИМОВ,

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn