Тиббий хизмат сифатини оширишнинг таъсирчан омили
  • 30 Март 2017

Тиббий хизмат сифатини оширишнинг таъсирчан омили

Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари билан учрашувлари чоғида тизимдаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш, кўрсатилаётган тиббий хизматлардан одамлар рози бўлиши учун тизимни мутлақо ўзгартириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, парламент ва депутатлар назоратининг янги механизмини жорий этиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Пировардида эса соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан аҳоли бохабар бўлиши ва бунинг натижасини, албатта, сезиши кераклигини айтиб ўтганди.

Мазкур фаолиятларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорига асосан Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилди ҳамда унинг Низоми тасдиқланди. 

Комиссия ташаббуси билан пойтахтимизда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмалари, шаҳардаги клиник шифохоналар, оилавий поликлиникалар раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари, жамоатчилик фаоллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, шунингдек, ушбу соҳада қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини кучайтириш каби вазифаларни тизимли йўлга қуйиб олиш мақсадида ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва уни сифат жиҳатидан яхшилаш халқ ва жамоатчилик ишига айланди. Парламентдан тортиб, қўйи бўғиндаги ташкилотларгача тиббиётнинг бугунги ҳолатига бефарқ бўлмаслик, мавжуд муаммоларни ўрганиш, одамлар тиббиёт муассасаларига эмас, балки улар одамларга яқинлашиши керак, деган ҳаётий ҳақиқатни рўёбга чиқариш доимий диққат марказда бўлмоқда.  

Март ойининг дастлабки ўн кунлигида барча вилоятларда бўлгани каби халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ҳам сессияси ўтказилиб, соғлиқни сақлашни назорат қилиш юзасидан ҳудудий комиссия тузилган эди. Комиссия ўз фаолиятини мунтазам равишда давом эттириб, Президентимизнинг тиббиёт соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, аҳоли тиббий маданиятини юксалтириш, тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида берган кўрсатма ва топшириқларига асосан, республикамиз тиббиёт муассасалари фаолиятини чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб бормоқда.

 Йиғилишда ўрганишларнинг дастлабки натижалари муҳокама қилинди. Пойтахт аҳолисига тиббий хизмат кўрсатаётган оилавий поликлиникалар раҳбарларининг ўз фаолиятлари ҳақидаги ахборотини ҳар ойда тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари йиғилишларида эшитиб бориш тизимини жорий этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган ишларга эътибор қаратилди. 

— Муҳокама этилган масалалар, ҳақиқатан ҳам, долзарб аҳамиятга эга бўлиб, унинг ижроси шаҳар аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш имконини беради, — дейди пойтахтимиздаги 51-оилавий поликлиника бош шифокори Гўзал Қодирова. — Бинобарин, Президентимиз биз, тиббиёт ходимларининг, энг аввало, аҳоли орасида юриб профилактика ва тиббий маданиятни ошириш, касалликнинг олдини олиш билан шуғулланишимиз лозимлигини таъкидлаган эди. Айни пайтда бу кўрсатмалар амалий фаолиятимизда ўз аксини топмоқда. Бугун барча шаҳар оилавий поликлиникаларида замон талаблари даражасида шарт-шароитлар яратилган бўлиб, тиббиёт ходимларидан фаолиятни янада жонлантириш талаб этилаяпти. Албатта, бу жараёнда биз мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уни ҳал этишда парламентга, маҳалла ва тегишли жамоат ташкилотлари кўмагига суянамиз.

Соғлиқни сақлаш, айниқса, бирламчи тиббиёт йўналишида бундай тизим йўлга қўйилиши аҳолининг тиббиётга бўлган ишончини мустаҳкамласа, иккинчи томондан, уларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиши, пировардида жамоатчилик назоратининг сифат жиҳатидан яхшиланишига хизмат қилади.

Йиғилишда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, шаҳар тез ёрдам станцияси раҳбари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими бошқаруви раиси, шаҳар 4-клиник шифохонаси бош шифокори тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўналишидаги ишларнинг бугунги ҳолати ва ечимини кутаётган мавжуд муаммолар юзасидан маълумот берди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш тизими фаолияти ва сифатини яхшилаш бўйича кўрсатмалари ижросини таъминлаш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирдилар. 

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn