Илғор тажриба ва ютуқларимиз эътирофи
Версия для печати
  • 30 Апрель 2014

Илғор тажриба ва ютуқларимиз эътирофи

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш имконини бермоқда.

Мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар ва тўпланган тажриба хорижий мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотаяпти. Бухоро шаҳрида нейрохирургиянинг долзарб масалаларига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда бу фикр яна бир карра ўз исботини топди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Нейрохирургия илмий маркази ва Нейрохирурглар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил қилинган тадбирда юртимиз шифокорлари, илмий тадқиқотчилари билан бир қаторда, Япония, Ҳиндистон, Малайзия, Россия, Қозоғистон сингари давлатларнинг соҳага алоқадор етакчи мутахассислари иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, кейинги йилларда тиббиёт соҳасига замонавий технологиялар жадал кириб келаяпти. Даволашнинг самарали усуллари қўлланилмоқда. Марказий нерв тизими касалликлари муолажаси ҳам бундан истисно эмас. Мамлакатимиз, жумладан, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида кейинги йилларда бош мия ва орқа мия ўсмалари, умуртқа поғонаси жароҳатлари билан боғлиқ хасталикларни даволашда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Зеро, марказ малакали кадрлар ҳамда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Анжуманда сўз олганлар шу йўналишда тўпланган Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Иштирокчилар эътиборини соҳанинг долзарб масалаларига қаратдилар. Нейрохирургия соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар, касалликларни даволашнинг самарали усуллари юзасидан ўзаро тажриба алмашилди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи М. Эсонов сўзга чиқди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn