Соғлом оила меваси
  • 25 Апрель 2014

Соғлом оила меваси

Президентимизнинг мамлакатни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида юртимизда ўтган йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 3,8 баробар ошгани, натижада 295 та тиббиёт объекти реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилгани алоҳида қайд этилган эди.

 Дарҳақиқат, бу истиқлолга эришганимиздан сўнг инсон манфаатлари энг олий қадрият даражасига кўтарилганини яна бир бор тасдиқлайди. 

Хусусан, айни пайтда республикамизда оналар ва болалар саломатлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар натижасида соғлом фарзандлар туғилиши даражаси тобора юксалиб бораётир. Бунда жойларда ташкил этилган Она ва бола скрининги марказлари фаолияти, чунончи, уларнинг энг илғор тиббий ускуналар билан жиҳозланаётгани муҳим ўрин тутаётир. 

— Муассасамизда болалар ва аёлларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароит яратилган, — дейди Фарғона вилояти она ва бола скрининги маркази раҳбари, олий тоифали шифокор Нигорахон Абдураҳмонова. — Жумладан, 2007 йили Корея Республикаси гранти асосида бу ерга “SSI-1000” русумли,  2010 йилда эса “Philips” русумли ультратовуш текширув аппаратлари келтирилди. Эътиборли жиҳати, мазкур замонавий ташхис ускуналари ҳомиланинг нуқсонли ривожланишини аниқлашда қўл келмоқда.

Қолаверса, кейинги йилларда Фарғона вилоятида ойда бир марта “Саломатлик ҳафталиги”ни ўтказиш анъанага айланиб, бу орқали чекка ва олис ҳудудларда истиқомат қилувчи ҳомиладор аёлларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилаяпти. Натижада ҳудудда сўнгги уч йил давомида нуқсонли чақалоқлар туғилиши ва болаликдан ногиронлик ҳолати 20 фоиз камайишига эришилди. 

Яна бир эътиборли жиҳати, скрининг текширувлари насл-дан-наслга яширин тарзда ўтувчи ирсий касалликларни аниқлаш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Фенилкетонурия — шундай хасталиклардан бири. Яъни яқин қариндошлар ўртасида никоҳ қайд этилса, туғилажак фарзандларнинг бундай касалликка чалиниш эҳтимоли юқори бўлади. Боз устига, бемор бола мавжуд оиладаги бошқа фарзандлар ҳам шу дардга чалиниши мумкин.

Шу боис скрининг марказида туғма модда алмашинуви касалликлари аниқланган болалар бепул дори-дармон, малакали тиббий хизмат билан таъминланаяпти. Қолаверса, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳам ушбу хайрли ишга муносиб ҳиссасини қўшиб келаётир.  

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, ҳозирги кунда дунёда 3500 га яқин генетик хасталиклар тури аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти болалик даврида кузатилади. Бундай касалликлардан баъзилари наслдан-наслга ўтса, айримлари соғлом ота-оналардан дунёга келган фарзандларда, яна маълум бир қисми эса фақат ўғил болаларда учрайди. Биз мазкур ҳолатларда аниқ ташхис орқали касалликнинг пайдо бўлиши ва авлоддан-авлодга ўтиши сабаблари ҳамда хавфини аниқлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бу усул билан оилада ногирон фарзандлар туғилишининг олди олинаяпти. 

Саломатлик эса соғлом турмуш тарзи мевасидир. Зеро, оиладаги тиббий маданият, маънавий муҳит ҳамда тегишли тартиб-қоидалар асосида тўғри ҳаёт кечириш ҳар қандай хасталикларга барҳам бериши, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиши, шубҳасиз. Бу эса ҳар биримизнинг зиммамиздаги юксак масъулият, мажбурият ва бурч, деганидир. 

Набижон СОБИРОВ,«Халқ сўзи» мухбири

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn